ЎзА Ўзбек

04.07.2014 18:41 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар ва сенаторлар учрашуви

Ёшларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсий жараёнларга мустақил ва онгли муносабатини шакллантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти билан яқиндан таништириш, сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш орқали уларнинг фаол фуқаролик позицияси ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бугуннинг долзарб масалаларидан.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан ўтказиб келинаётган “Сиз қонунни биласизми?” кўрик-танловининг мамлакат босқичи иштирокчилари ҳамда Ҳаракат фаолларининг сенаторлар билан учрашуви шу мақсадда ташкил этилди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган, мустақил ва соғлом тафаккурли, баркамол авлодни вояга етказиш масаласига давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

– Жорий йилнинг ўтган даврида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорликда қатор лойиҳалар амалга оширилди, – дейди “Камолот” ЁИҲ марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Феруза Муҳаммаджонова. – Ушбу лойиҳалар доирасида фаол ёшлар мамлакатимиз парламенти ҳамда давлат ҳокимияти органлари фаолияти билан яқиндан таништирилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” мавзусидаги учрашув ва мулоқотлар ҳам қизиқарли бўлди.

“Сиз қонунни биласизми?” танловининг 2013-2014 ўқув йилидаги босқичларига академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 55 минг нафарга яқин ўқувчиси жалб этилди. Танлов шартларига кўра иштирокчилар томонидан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳасига уч юзга яқин таклиф ва мулоҳазалар тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлган учрашувда танлов иштирокчилари томонидан қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасига таклифлар билдирилди.

Тадбирда “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам ёшларга батафсил маълумот берилди.

Ёшлар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолияти билан ҳам танишди.

ЎзА, Д.Каримов