ЎзА Ўзбек

30.10.2015 18:18 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар – терроризмга қарши

Фарғонада ёшлар ўртасида “Биз, ёшлар терроризмга қаршимиз”, “Диний экстремизм ва терроризм – ёшлар келажагига таҳдид” мавзуларида расмлар танлови бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими, халқ таълими бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 10 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўз ижод намуналарини намойиш этди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида вилоятда кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. “Нима қилдик Ватан учун?” ёхуд “Биз, ёшлар гиёҳвандлик ва терроризмга қаршимиз!”, “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” каби фестиваль ва танловлар ёшларни ягона мақсад атрофида бирлаштириш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, ватанпарварлик ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғусини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

– Бугунги глобаллашув даврида экстремизм, терроризм, “оммавий маданият” каби турли иллатлар инсоният келажагига жиддий хавф туғдирмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона вилояти кенгаши раиси Шерзод Полвонов. – Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам ёшларимизни ана шу таҳдидлардан асраш, улар ўртасида тушунтириш-тарғибот ишларини янада кучайтириш ҳамда салбий иллатларга қарши курашишдан иборатдир.

– Ўзбекистон ёшларининг терроризмга қаршилигини расмларда акс эттиришга ҳаракат қилдим, – дейди Фарғона давлат университети талабаси Умидбек Қаюмов. – Бу каби тадбирлар ёшларни ижодкорликка йўналтириш ва уларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

“Энг қизиқарли ва ҳаётий расм”, “Энг яхши ғоя”, “Энг яхши тасвирланган расм”, “Ранглар мутаносиблиги яхши танланган расм” номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА