ЎзА Ўзбек

30.10.2015 14:48 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар сиёсатида оммавий ахборот воситаларининг ўрни

Пойтахтимизда Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ОАВнинг ўрни” мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари, босма ва электрон нашрлар, ахборот агентликлари вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Г.Алимова, Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори А.Абдуллаев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида жисмонан ва маънан соғлом, интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ижодий-интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, маънавий таҳдидларга қарши иммунитетини шакллантириш, бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

XXI аср – глобаллашув асри. Турли ижтимоий тармоқлар орқали ахборот алмашинуви жадал кечаётгани жамиятнинг энг фаол қатлами бўлган ёшларнинг онгу қалбида кучли акс-садо бермоқда. Ушбу жараёнда дунёқараши, сиёсий-ҳуқуқий маданияти тўлиқ шаклланиб улгурмаган ўғил-қизлар турли ғаразли мақсадларда тарқатилаётган ахборот оқими домига тушиб қолиш эҳтимоли йўқ эмас.

Бу болалар ва ёшларга мўлжалланган оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада такомиллаштириш, эртамиз эгаларини турли маънавий таҳдидлар, “оммавий маданият”нинг салбий таъсирларидан ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирларни ҳаётга изчил татбиқ этишни тақозо этмоқда.

Бугунги кунда бевосита ёш авлод таълим-тарбиясига йўналтирилган босма оммавий ахборот воситалари, марказий ва ҳудудий телерадиоканаллар келажагимиз ворисларини ҳар томонлама уйғун ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бироқ, айрим ҳудудий нашрлар ва телерадиоканаллар ёшлар тарбияси ва мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритишда сусткашликка йўл қўймоқда. Мавжуд муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, болалар ва ёшлар учун мўлжалланган оммавий ахборот воситаларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш ҳеч кимдан кам бўлмаган баркамол авлодни тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда бугунги глобаллашув шароитида маънавий-ахлоқий тарбия тизимини янада бойитиш, таълим-тарбия жараёнлари самарадорлигини кучайтириш, навқирон авлоднинг мафкуравий иммунитетини мустаҳкамлаш, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш, глобал тармоқда миллий сегментни бойитиш борасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Дилшод Каримов, ЎзА