ЎзА Ўзбек

28.11.2017 18:44 Ёшларга оид давлат сиёсати

“Ёшлар поезди” Сурхондарёда

“Ёшлар поезди” Сурхондарёда Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб “Ёшлар поезди” тарғибот акцияси ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ўтказилган акция ўғил-қизларни мамлакатимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, уларда юрт тараққиётига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

5.JPG

Таниқли олимлар, кино ва театр актёрлари, спортчилар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари вилоят маркази ва туманларда, олис ва чекка ҳудудларда бўлиб, аҳоли, жумладан, ёшлар билан учрашди. Дилдан мулоқот қилиб, мамлакатимизда эришилаётган улкан ютуқлар, тинч, обод турмуш ва ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол улғайиши учун замонавий шароит яратишда Конституциямизнинг алоҳида ўрни борлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берди. Таълим муассасалари, ҳарбий қисмларда ёшларнинг изланиш ва интилишлари билан қизиқди.

Бойсун туманидаги 6-мусиқа ва санъат мактаби, Бойсун агросаноат касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган очиқ мулоқотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Тоғли туман ёшлари яратиб берилаётган кенг имконият ва замонавий шароитлар уларда Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғусини янада юксалтираётгани ҳамда обод ва озод Ўзбекистонга муносиб фарзанд бўлиб улғайишга даъват этаётганини ўзгача фахр билан таъкидлади.

12.jpg

– Бойсунлик тенгдошларимда тоғли ҳудудга хос шижоат ва қатъият борлиги, уларнинг теран фикрлаши мени ҳайратга солди, – дейди Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаоли М.Ҳабибуллаев. – Уларнинг самимий туйғулари, изланишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Улар мақсад ва интилишларига эришиши учун озгина туртки керак, холос. Вилоятнинг бошқа ҳудудларидаги ёшларнинг орзу-интилишлари ҳам бизда катта таассурот қолдирди. Тадбирларда йигит-қизлар эришаётган ютуқларни тинглаб, саволларига жавоб бердик. Дуч келаётган муаммоларини биргаликда ечиш чораларини кўрдик.

Шундай очиқ мулоқот ва Асосий қонунимизнинг мазмун-моҳиятига бағишланган тарғибот тадбирлари Термиз шаҳри, Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қизириқ ва бошқа туманларда ҳам бўлиб ўтди. Таълим муассасаларида “Китоб тарғиботи” акцияси ўтказилиб, китоблар тўпламлари топширилди. Ҳарбий қисмлардан бирида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилоти тузилди. Туманларда имконияти чекланган ёшлар, якка тартибда таълим олаётган ўқувчилар ҳолидан хабар олиниб, маънавий қўллаб-қувватланди, қизиқарли бадиий китоблар совға қилинди. Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйига совға-саломлар берилди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА