ЎзА Ўзбек

31.12.2017 18:14 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар иттифоқи фаолияти танқидий таҳлил қилинди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг раиси Қаҳрамон Қуронбоев раҳбарлигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг ёшлар масалалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгаш раисининг ёшлар ишлари бўйича ўринбосарлари қатнашди.

Мамлакатимизда ёшларни маънан етук ва жисмонан соғлом қилиб вояга етказиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш ва ташаббусларини рағбатлантириш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Видеоселекторда қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди. Хусусан, Ёшлар иттифоқининг ҳудудий ва маҳаллий кенгаши раислари ҳисобот берди. Фаолият танқидий таҳлил қилинди. Жорий йилда амалга оширилган ишлар юзасидан вазифалар кўриб чиқилиб, Ёшлар иттифоқининг кейинги йилга мўлжалланган иш режаси лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Шунингдек, 2018 йил жойларда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича устувор вазифалар ҳамда истиқболдаги режалар белгилаб олинди.


Гулноза Бобоева, ЎзА