ЎзА Ўзбек

08.04.2018 17:44 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар иттифоқи аъзолигига 50 мингга яқин ҳарбий қўшилди

Ёшлар иттифоқи аъзолигига 50 мингга яқин ҳарбий қўшилди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи “Ёшлар оромгоҳи”да Ўзбекистон Қуролли Кучлар тизимида фаолият олиб бораётган офицерлар учун ўқув-семинарлари ташкил этилди. Машғулотларда ёшларга оид давлат сиёсати, Қуролли Кучлар тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятининг мақсад-вазифалари, бу борада хориж тажрибаси ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш мавзуларида очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 17 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг ўзаро ҳамкорликдаги қўшма қарори ва мазкур ташкилотлар билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг 6 та иккитомонлама қўшма қарорлари тасдиқланди.

– Ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш тизимини йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ва ҳудудий Кенгашлари аппаратларида Ҳарбий қисмларда ёшлар билан ишлаш бўйича бўлимлар ташкил этилди, – дейди иттифоқнинг Ҳарбий қисмларда ёшлар билан ишлаш бўйича бўлими бош мутахассиси Гулчеҳра Ашурова. — Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари, Давлат божхона қўмитаси тизимларида 241 та бошланғич ташкилотлари тузилди. Ҳамкор ташкилотлар билан имзоланган иккитомонлама қўшма қарорларга асосан, Иттифоқнинг ҳарбий қисмлардаги бошланғич ташкилотларининг низоми ва ташкилий тузилмалари тасдиқланди. Бошланғиич ташкилотнинг ташкилий тузилмаси бошланғич ташкилот етакчиси, маданий-маърифий ва ҳуқуқий тарғибот йўналиши сардори, ижтимоий-иқтисодий йўналиш сардори, ҳарбий-ватанпарварлик ва оммавий спорт йўналиши сардори, устоз-шогирд йўналиши сардоридан иборат бўлиб, мазкур йўналишларга бугунги кунга қадар 900 нафар сардорлар сайланди.

Ёшлар ташкилоти тарихчилигидаги илк жараён бўлаётганлиги боис, ушбу ўқув-семинарда ҳарбий офицерлар учун ёшлар билан ишлашнинг энг замонавий методлари ўргатилмоқда.

Айни дамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитасида иш бошлаган Бошланғич ташкилотлар орқали Иттифоқ қарийб 30 ёшгача бўлган 50 мингга яқин ёшларни бирлаштиришни мақсад қилган.

Семинарнинг биринчи кунида иштирокчилар 5 гуруҳга бўлиниб, фаолиятни сифатли ва самарали олиб бориш учун муҳим бўлган барча билим ва кўникмаларни эгаллашни бошлашди. Мастер-класслар қизиқ, ҳарбийлар фаолликни қўлдан бой бермади.

Тушдан сўнг эса танишув ва ташкилотлараро ўзаро иттифоқлашув кечаси ташкил этилди.

Мудофаа вазирлиги Етакчилар Кенгаши раиси тизимда ҳафтанинг ҳар душанбаси «Ёшлар иттифоқи куни» деб расман эълон қилинганини маълум қилганда ҳарбийлар яна бир бор Ёшлар иттифоқининг жамиятдаги ўрни ва нуфузи соат сайин ошиб бораётганини теранроқ англашди.

Семинар ўқув-машғулотлари давом этмоқда.

Инобат Аҳатова, ЎзА