ЎзА Ўзбек

09.07.2014 18:46 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшлар бандлигини таъминлаш – долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини замонавий педагог кадрлар билан тўлдириш, таълим сифатини ошириш ва касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказди.

Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси А.Маматов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг таълим-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини ошириш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, битирувчиларнинг иш билан бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида таълим-тарбиянинг ижтимоий аҳамиятини янада юксалтириш, соҳага малакали мутахассисларни жалб этиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида муҳим ишлар амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиздаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 116 минг 311 педагог касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда таҳсил олаётган 1 миллион 600 мингдан ортиқ навқирон авлод вакилларига таълим-тарбия бермоқда.

Анжуманда таълим мазмуни ва сифатини янада ошириш, ўқув жараёнини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари асосида ташкил этиш, умумтаълим фанларини касбга йўналтирган ҳолда ўқитиш, педагог кадрлар малакасини ошириш, ўқув амалиётини ташкил этиш, дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини нашр этишга доир долзарб вазифалар хусусида сўз юритилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказидан олинган маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги жами 1 минг 411 ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежи ва уларнинг 25 филиалида таҳсил олаётган ёшлар 2-3 тадан мутахассислик бўйича касб-ҳунар эгалламоқда. Уларнинг жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмаклашиш, бандлигини таъминлаш доимий эътиборда.

Ёшларнинг ўз тадбиркорлигини ташкил этиши учун ҳам кенг имкониятлар яратилмоқда. Тижорат банклари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида коллежлар битирувчиларининг тадбиркорлик фаолияти мунтазам қўллаб-қувватланмоқда. Ёшларга бизнес-режа тузишдан тадбиркорликни юритишгача бўлган барча жараёнда иқтисодий, ҳуқуқий, моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. Шу кунгача 3 мингдан зиёд битирувчининг бизнес-лойиҳасига тижорат банклари томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

– Навқирон авлоднинг бандлигини таъминлаш, уч томонлама шартномалар тузишда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари, корхона ва коллежлар зиммасига масъулиятли вазифалар юклатилган, – дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори ўринбосари З.Худойбердиев. – Ўтган даврда бу борада амалга оширилган ишлар таҳлили ютуқлар билан бирга айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганини кўрсатди. Бугунги тадбирда ушбу камчиликларга алоҳида эътибор қаратилиб, уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбирда "коллеж – корхона" ҳамкорлигини ҳаётга татбиқ этиш, бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар базасини мунтазам янгилаб бориш, ёшларни ушбу маълумотлардан хабардор этиш, вақтинча ишсиз аҳоли, хусусан, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича ўқитиш масалалари хусусида фикрлашилди.


ЎзА, Барно Мелиқулова