ЎзА Ўзбек

23.10.2015 18:45 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш тадбиркорлар ўқуви

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасининг республика босқичи доирасида ўқув ташкил этилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Фермерлар кенгаши, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирда лойиҳанинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 140 йигит-қиз саноат, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, сервис хизмати каби йўналишлар бўйича ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида навқирон авлодни ижтимоий ҳимоялаш, тадбиркорликка жалб этиш, уларда бозор иқтисодиёти шароитида самарали фаолият олиб бориш кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳаси 18 дан 30 ёшгача бўлган ёшларнинг ишбилармонлик қобилиятини янада ривожлантириш, якка тартибдаги меҳнат фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлашга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

– Лойиҳа 2008 йилдан буён ҳар йили анъанавий тарзда уч босқичда ўтказиб келинмоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгашининг тадбиркорлик лойиҳалари координатори Бахтиёр Мамадалиев. – Унда шу вақтга қадар қирқ мингдан зиёд йигит-қиз иштирок этди. Тўққиз мингга яқин ёш тадбиркорнинг банклардан имтиёзли кредит олишига ёрдам берилди. 206 нафар лойиҳа ғолибининг кредитларига ҳисобланган фоиз тўловлари “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан тўлаб берилди.

Ўқув давомида малакали мутахассис-тренерлар, тижорат банклари ва ҳамкор ташкилотларнинг малакали мутахассислари томонидан “Бизнесни тартибга солувчи қонуний-меъёрий ҳужжатлар”, “Кичик бизнеснинг юридик мақомини танлаш”, “Тижорат банкларининг кредит сиёсати”, “Бизнес режа ёзиш талаблари”, “Кичик бизнесда брендинг ва нейминг”, “Корхона маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш”, “Кичик бизнесни солиққа тортиш муаммолари”, “Савдо-саноат палатасининг кичик бизнесга ёрдам бериш имкониятлари”, “Кичик бизнесда технологиялар, уларни топиш, олиб келиш ва сотиб олиш шартлари”, “Тадбиркорлик фаолиятида хавфсиз меҳнат шароитини яратиш – меҳнат муҳофазасининг омили” каби мавзуларда амалий машғулотлар, семинарлар ташкил қилинади.

Иштирокчилар семинар-тренингларда олган билим ва кўникмалари асосида ўз бизнес режаларини мукаммаллаштириб, уни ҳакамлар ҳайъати аъзолари олдида ҳимоя қилади. Тақдимот натижаларига кўра, ҳакамлар ҳайъати танлов ғолибларини аниқлайди. 28 нафар ғолибга бериладиган кредитларнинг ҳисобланган фоизлари Ҳаракат марказий кенгаши томонидан қоплаб берилиши белгиланган. Шунингдек, танловда 5 иштирокчи “Қишлоқда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг кўп иш ўрни яратган ёш тадбиркор”, “Ижтимоий тадбиркорликка йўналтирилган лойиҳа”, “Хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа” номинациялари бўйича рағбатлантирилади.

– Бундай эътибор ва имкониятлар бизни янги ғоя ва мақсадлар сари руҳлантиради, – дейди бухоролик Ислом Шарипов. – Танловга тақдим этган лойиҳамда қурилиш хомашёси ҳисобланган пена-блок қуювчи мини-завод ташкил этишни баён этганман.

Ғолибларни тантанали тақдирлаш маросими шу йилнинг 28 октябрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтади.

Дилшод Каримов, ЎзА