ЎзА Ўзбек

16.07.2014 16:20 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Қашқадарёда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорликни ривожлантириш, ёшлар бу соҳада ўз салоҳиятини тўла рўёбга чиқариши учун яқиндан кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, тижорат банклари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган 140 нафар йигит-қиз ўз бизнес-режаси, таклиф ва лойиҳалари билан иштирок этди. 

– Танловда сутни қайта ишлаш бўйича лойиҳа билан қатнашдим, – дейди шаҳрисабзлик Нодирабону Каримова. – Лойиҳам маъқулланганидан хурсандман. Унинг амалга оширилиши ўнга яқин янги иш ўрни яратиш имконини беради.

Танлов доирасида бизнесни тартибга солувчи меъёрий ҳужжатлар, кичик бизнеснинг юридик мақомини танлаш, тижорат банкларининг кредит сиёсати, корхона маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, тадбиркорлик фаолиятида хавфсиз меҳнат шароити яратиш каби мавзуларда амалий машғулотлар, ўқув-семинарлар ташкил этилди.

Тадбирда ўн нафар ёш тадбиркор танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Истиқболли лойиҳалар муаллифларига тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш учун сертификатлар топширилди. 

ЎзА, Ў.Баротов