ЎзА Ўзбек

18.07.2014 11:40 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш тадбиркор – юртга мададкор

Наманганда “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ҳамда Президентимизнинг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Марказий банк Наманган вилояти бош бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, фермерлар ва “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгашлари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 60 нафар ёш ўз бизнес лойиҳалари билан иштирок этди.

Вилоятда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг бизнес ғояларни молиялаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда вилоят тижорат банклари томонидан жорий йилда касб-ҳунар коллежи битирувчиларига 9 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши режалаштирилган. Айни пайтга қадар ёшларнинг бизнес лойиҳаларини молиялаштириш учун 3 миллиард 700 миллион сўм кредит маблағи йўналтирилди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 28 июлда қабул қилинган “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир. 

– Сочиқ ва бўз матоси ишлаб чиқариш бўйича танловга тақдим этган лойиҳам мутахассислар томонидан юқори баҳоланди, – дейди Наманган шаҳар хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси Баҳриддин Эгамбердиев. – Уни амалга ошириш учун “Агробанк”нинг 24 миллион сўмлик имтиёзли кредити ажратилди.

Тадбир доирасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид қонунлар, бизнес режа тузиш ва уни рўёбга чиқаришда банк кредитларидан фойдаланиш каби соҳага тегишли масалалар юзасидан ёшларга тушунча ва тавсиялар берилди. 

Танловда 10 нафар истиқболли лойиҳа соҳиби мамлакат босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

ЎзА, А.Сатторов