ЎзА Ўзбек

27.10.2017 19:59 Ёшларга оид давлат сиёсати

“Ёш партия етакчилари – келажак кадрлари” мавзусида ёшлар форуми ўтказилди

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан “Ёш партия етакчилари – келажак кадрлари” мавзусида ёшлар форуми ўтказилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши аъзолари, туман ва шаҳар кенгашлари раисларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, "Ёшлар қаноти" фаоллари, олий ўқув юртлари талабалари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб вояга етказиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Қорақалпоғистон Республикасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг 19 мингга яқин аъзосидан 9 минг 600 нафари ёшлардир. Партия томонидан ёшларнинг интеллектуал салоҳияти ва сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларга мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш, партиянинг кадрлар захирасини шакллантиришга қаратилган турли ўқув-семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ёшларни партия атрофида бирлаштириш, уюшмаган ёшларни жамоат ишларига жалб этиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш орқали бўлажак депутатлар ва сиёсатчи-етакчилар захирасини шакллантириш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши сиёсий таълим маркази томонидан ёш етакчилар, партияга аъзо ёш тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимини ошириш, уларда лидерлик ва нотиқлик қобилиятини ривожлантириш бўйича ўқув-семинарлар ташкил этиш режалаштирилган. Тадбирларга олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларидан иборат нотиқлар гуруҳи жалб этилади.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА