ЎзА Ўзбек

21.09.2015 13:12 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш оилалар қувончи

Ёш оилалар қувончи Марғилон шаҳрида ёш оилалар учун барпо этилган “Камолот” уйи фойдаланишга топширилди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, жумладан, Фарғона вилоятида ҳам кўп қаватли “Камолот” уйлари қурилиб, ижтимоий фаол ёш оилаларга имтиёзли кредит эвазига бошланғич бадалсиз берилмоқда.

Марғилон шаҳридаги 48 хонадонга мўлжалланган “Камолот” уйини барпо этишда “Фарғона зулфизар омади” хусусий корхонаси қурувчиларининг хизмати катта бўлди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоатчилик ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор аҳоли фаровонлигини юксалтириш билан бирга, юртдошларимиз дунёқарашини, ҳаётга муносабатини ўзгартириб, уларда эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

“Камолот” уйи хонадонларидан бирига эга бўлган Ботиржон ва Дурдонахон Фозиловларнинг қувончи чексиз. Ёш оила соҳибларининг меҳнати ва жамоат ишидаги фаоллиги муносиб тақдирланди. Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Дурдона спортнинг енгил атлетика тури бўйича Ўзбекистон чемпиони.

– Уйда бир оила учун нимаики зарур бўлса, барчаси мавжуд, айниқса, ҳовлида фарзандларимиз учун яратилган шароитлар бизни жуда қувонтирди, – дейди Дурдона. – Давлатимиз раҳбарининг биз, ёшларга кўрсатаётган улкан эътибори ва ғамхўрлигидан миннатдор бўлсак, шундай озод ва обод юрт фарзанди эканимиздан фахрланамиз.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА