ЎзА Ўзбек

17.09.2015 15:56 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш оилалар камолотини кўриш бахти

Ёш оилалар камолотини кўриш бахти Мустақилликнинг дастлабки йилларидан Президентимиз раҳнамолигида узоқни кўзлаб амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида халқимиз турмуш даражаси ва ҳаёт сифати тобора юксалмоқда. Дунёдаги энг нуфузли халқаро иқтисодий ва ижтимоий марказларнинг охирги маълумотига кўра, Ўзбекистон “Бутунжаҳон бахт индекси”да 158 мамлакат ўртасида 44-поғонани, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида биринчи ўринни эгаллагани барчамизга ғурур-ифтихор бағишлайди.

Мамлакатимизда олиб борилаётган эзгу ишлар замирида ёшларни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассам.

Дарҳақиқат, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ёшларнинг жаҳон андозаларига мос пухта билим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун замонавий шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай ғамхўрлик оғушида камолга етаётган эртамиз эгалари ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, илм-фан, санъат ва спорт каби турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритиб, Ватанимиз тараққиётига, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборини янада юксалтиришга муносиб ҳисса қўшмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсати ижроси доирасида ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш, турмуш шароитини янада яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжат асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ёш оилалар учун “Камолот” уйлари барпо этилмоқда.

– Ўтган йили Қувасой шаҳри, Тошлоқ ва Учкўприк туманларида 131 ёш оилага мўлжалланган “Камолот” уйлари қурилиб, фойдаланишга топширилди, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Фарғона вилояти кенгаши раиси Шерзод Полвонов. – Жорий йилда Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида шундай уйлар бунёд этилмоқда. Ушбу янги тураржойлар ҳудуднинг табиий иқлим шароити ва халқимиз турмуш тарзи ҳисобга олинган ҳолда, юртимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий қурилиш материаллари асосида қад ростлаётгани эътиборга молик. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган низомга кўра, “Камолот” уйлари йигирма йил муддатга имтиёзли ипотека кредити эвазига берилади. Унинг дастлабки беш йили имтиёзли давр ҳисобланиб, бошланғич бадал тўлови талаб қилинмайди.

“Камолот” уйларини фан, санъат, адабиёт, спорт ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришган, ариза берилган пайтда ўттиз ёшдан ошмаган эр-хотинлар (иккаласи ҳам) ипотека кредити асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун тегишли ҳужжатлар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий кенгашларига топширилади ва улар орқали Ҳаракатнинг марказий кенгашига тақдим этилади.

Қувасой шаҳрининг Ҳамдўстлик маҳалласида 2014 йилда қуриб фойдаланишга топширилган “Камолот” уйида истиқомат қилаётган ёш оилаларга кўпчиликнинг ҳаваси келади. 48 хонадондан иборат икки ва уч хонали мазкур уйда ёш оилалар учун барча шароит яратилган.

Ҳар жиҳатдан шинам, кенг ва ёруғ хонадонларга кўчиб кирганларнинг қай бири билан суҳбатлашманг, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу ғамхўрликдан миннатдорлик туйғусини изҳор қилади. Шуҳрат ва Маҳлиё Эргашевлар ҳам шундай эътибордан баҳраманд бўлган иқтидорли ёшлардан. Шуҳрат айни пайтда “Кварц” акциядорлик жамиятида меҳнат қилмоқда. У спортнинг таэквондо тури бўйича мамлакат биринчилигида совринли ўринларни қўлга киритган.

– Уч хонали уй биз учун ажойиб совға бўлди, – дейди ёш оила бекаси Маҳлиёхон. – Ҳақиқатан ҳам, бу уйларнинг файзи бошқача. Бу ерда фарзандларимиз яйраб, соғлом вояга етмоқда. Бунинг учун биз, ёшларга менинг фарзандларим, дея оталарча меҳр кўрсатаётган, барча имкониятларни яратиб бераётган Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз.

...“Камолот” уйлари ҳовлисида гулу райҳон ифори таралиб турибди. Майдончада эса болажонларнинг шодон кулгиси жаранглайди. Бошқача айтганда, тураржойдаги гўзал манзара, ажойиб муҳит бутун мамлакатимиздаги ёш оилалар турмуш тарзини акс эттиргандек гўё. Майдонча атрофида эваралари ўйинини кузатиб ўтирган Ҳошим ота Эминов шундай дейди:

– Неварам Абдурасулнинг мана шундай замонавий уйга эга бўлганидан бошимиз кўкка етди. У эришаётган муваффақиятлардан бир суюнсам, ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлардан минг суюнаман. Илгари бундай уйни қуриш тугул, орзу қилиш ҳам мумкин эмасди. Не машаққатлар билан йиллаб иморат қурардик. Ҳали у, ҳали бу етишмаслиги, устанинг ортидан югур-югурлар тинкани қуритарди. Ўшанда ҳам гоҳ у, гоҳ бу камчилик чиқар, умримиз лой қоришу девор кўтариш билан ўтарди. Неварамга эса тайёр уйнинг калитини тутқазишди. Хонадондаги шароиту қулайликлардан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой масалаларини ҳал қилишга қаратилган ижтимоий дастурлар изчил амалга оширилаётгани оила институтини янада мустаҳкамлаш, айниқса, ёш оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА