ЎзА Ўзбек

30.09.2015 11:27 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёш иқтидорлар кўриги

Бухорода “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ёш тадбиркор, фермер ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши, Фермерлар кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.

– Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўрни тобора ортиб бормоқда, – дейди Савдо-саноат палатаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Жамшид Қандов. – Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сони 30 мингдан ошди. Улар орасида ёшлар ҳам кўпчиликни ташкил этади. “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам” шиори остида ўтказилаётган мазкур кўргазма ёш, иқтидорли тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тажриба ва ютуқларини оммалаштиришга хизмат қилади.

30 ёшгача бўлган 40 нафарга яқин тадбиркор, ҳунарманд ва фермерлар иштирок этган кўргазмада саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, миллий ҳунармандлик буюмлари – наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, каштачилик намуналари намойиш этилди.

Кўргазмада фаол, ташаббускор ва тадбиркорлик фаолиятида юқори натижаларга эришаётган ёшлар “Йилнинг энг намунали ёш тадбиркори”, “Йилнинг энг намунали ёш фермери”, “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналишлари бўйича муносиб тақдирланди. Ғолиблар мамлакат босқичида иштирок этади.

– “Йилнинг энг намунали ёш ҳунарманди” йўналиши ғолиби бўлганимдан хурсандман, – дейди шофирконлик ёғоч ўймакори Муҳаммад Ҳайдаров. – Уста-ҳунармандларнинг фаолиятини кенгайтириш учун яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар учун Президентимиздан миннатдормиз. Ёғоч ўймакорлиги ҳунармандликнинг ўзига хос йўналиши. Ҳунар ва санъатни ўзида мужассам этган бу соҳа миллийлиги, маънавий, тарбиявий юқорилиги билан ҳам қадрли. Миллий қадриятларимизни улуғлашга хизмат қиладиган ҳунар билан шуғулланаётганимдан фахрланаман.

Тадбир доирасида банк, солиқ, божхона соҳаси мутахассислари ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, кредит олиш, солиқ имтиёзлари, улардан фойдаланиш қоидалари, божхона хизматлари хусусида атрофлича маълумот берди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА