ЎзА Ўзбек

23.05.2014 19:18 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ватанимизнинг ишончи ва таянчи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Юксак маънавиятли ва юқори интеллектуал салоҳиятли ёшлар – келажак пойдевори” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари А.Қирғизбоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг тўлақонли таълим-тарбия олиши, ўз қобилияти ва салоҳиятини юзага чиқариши, касб-ҳунар эгаллаши, меҳнат бандлигини таъминлаш йўлида зарур барча имкониятлар яратилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ёшлар манфаатларини ҳимоялаш, уларнинг том маънода жамиятимизнинг таянчи ва суянчига айланиши йўлидаги ибратли ишларни давр руҳига монанд йўлга қўйиш имконини бермоқда.

Ушбу ҳужжатда ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини тобора ошириш, шу мақсадда талаба-ёшлар учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий, Олий ва Олий хўжалик судларида давра суҳбатлари, жонли мулоқотлар, маърифий тадбирлар ўтказиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

– Мамлакатимизда ёшларнинг беғубор орзу-мақсадлари юзага чиқиши йўлида мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган, – дейди Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Айнура Сапекеева. – Навқирон авлод камолоти йўлида яратилган улкан имкониятлар сабаб ўтган вақт мобайнида Ҳиндистон, Польша, Чехия каби мамлакатларда ўтказилган бир қатор бадиий кўргазмалар, болалар расмлари биенналеларида иштирок этдим. Биз, ёшларга билдирилаётган юксак ишонч мустақиллигимизни, унинг неъматларини асраб-авайлашга ундайди.

Талаба-ёшларнинг миллий қонунчилигимизга доир саволларига жавоб қайтарилди.


ЎзА, Н.Усмонова