ЎзА Ўзбек

30.10.2017 17:04 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман!

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси марказий кенгаши томонидан "Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман!" шиори остида тадбир ўтказилди.

Унга партия фракцияси аъзолари ҳамда "Истиқбол" ёшлар қаноти етакчилари, “Ёш сиёсатчи – 2017” кўрик-танлови иштирокчилари таклиф этилди.

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати изчил ва самарали амалга оширилиши замирида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-кувватлаш, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ташаббускор ва баркамол ёш авлодни вояга етказиш каби эзгу мақсадлар мужассамлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари 2016 йил 14 сентябрда имзолаган "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонун бу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди.

Мазкур учрашув Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида белгиланган вазифаларни кенг тарғиб қилиш, партия фаолиятига ёш иқтидорли кадрларни жалб қилиш, эркин демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этишда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир давомида ёшларга парламент томонидан қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш амалиёти тушунтирилди. Ёшларга доир қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди. Бу эса ёш авлодни қонун ижодкорлиги, бу борада тўпланган тажриба билан яқиндан таништириш, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда керакли тажриба ва кўникмаларни эгаллаб, келажакда етук мутахассис сифатида вояга етишларига хизмат қилади.

– Кундалик ҳаётимизда парламентнинг иш жараёни, депутатлар фаолиятини оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб борамиз, – дейди Урганч давлат университети қошидаги 2-академик лицей ўқувчиси Гулҳаё Исмоилова. – Бугунги учрашувда депутатлар билан мулоқот қилишимиз юртимизда кечаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотиб, қабул қилинаётган қонунларнинг мазмунини теранроқ англашимизга ёрдам беради.

Ёшларнинг саволларига депутатлар жавоб қайтарди.

Гўзал Сатторова, ЎзА