ЎзА Ўзбек

07.10.2015 15:31 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ватан саждагоҳ каби муқаддас

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси марказий кенгаши ижроия қўмитаси томонидан “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Партия фаоллари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вакиллари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этган тадбирда Ватанни севиш, ҳар қарич ерини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, юрт истиқболи йўлида фидокорона меҳнат қилиш ҳар биримиз учун шарафли бурч экани таъкидланди.

Бугун давлатимиз раҳбарининг “Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир” деган пурмаъно фикри қалбларимизда акс-садо бериб, ҳар биримиз учун ҳаётий аъмолга айланди. Таълим масканларида ёшларнинг онгу қалби эзгу фазилатлар, Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат, миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат каби инсоний туйғулар билан бойитилмоқда.

Амалга оширилаётган тизимли ишлар самарасида касб-ҳунарни, чет тилларини, интернет ва ахборот технологияларини, замонавий билим чўққиларини эгаллаган, ривожланган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр бўлган, кўзи ёниб турган йигит-қизлар жамиятимизнинг ҳал қилувчи кучига айланиб, ҳаётга дадил кириб келмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг сайловолди платформасида тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросни асраб-авайлаш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур ҳурмат-эҳтиром уйғотиш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган. Ана шу вазифаларни амалга ошириш мақсадида партия фаоллари, партиянинг “Ёшлар қаноти” томонидан “Тарихдан садо бергувчи обод гўшалар” акцияси доирасида Тошкент шаҳридаги “Оқтепа” тарихий ёдгорлиги, “Хайробод эшон”, “Шайх Хованди Таҳур”, Сурхондарёдаги Султон Саодат мажмуаси, Ҳаким ат-Термизий мақбараси, Қирқ қиз меъморий ёдгорлиги, Ғиждувондаги “Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний” каби икки юзга яқин тарихий қадамжоларда ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Бу каби тадбирлар келажагимиз ворислари тарихий меросимизга, аждодлар хотирасига ҳурмат руҳида тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади.

– Халқимизнинг бетакрор моддий ва маънавий бойликлари билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди, – дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабаси Юлдуз Сатторова. – Юртимиз ҳудудида 4 мингдан зиёд моддий-маънавий ёдгорлик бўлиб, уларнинг кўпчилиги умумжаҳон меросининг ноёб намунаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Инсониятни ҳайратга солиб келаётган мазкур обидаларни, аждодларимизнинг бетакрор меросини асраб-авайлаш, келажак авлодларга бус-бутун етказиш муқаддас бурчдир.

Давра суҳбатида ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.

Дилшод Каримов, ЎзА