ЎзА Ўзбек

22.03.2017 15:16 Ёшларга оид давлат сиёсати

Учқудуқда замонавий ёшлар маркази

Учқудуқда замонавий ёшлар маркази Навоий вилояти Учқудуқ туманида Ёшлар маркази фойдаланишга топширилди.

Давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар иштирок этган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлод камолотига қаратилаётган алоҳида эътибор уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этишида муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида барпо этилган марказ учқудуқлик ёшларга Наврўз совғаси бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил Навоий вилояти аҳолиси билан сайловолди учрашувида Учқудуқ тумани ёшлари номидан ҳудудда муҳташам Ёшлар маркази барпо этиш таклифи билдирилган эди. Президентимиз туманда қисқа муддат ичида бундай марказ барпо этилишини қўллаб-қувватлади.

Тўрт миллиард 300 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилган марказда 50 минг китоб фондига эга замонавий кутубхона, “Заковат” клуби, Ёшлар театри, бир неча тренажёр зали, интернет маркази ва турли йўналишдаги 11 тўгарак фаолияти йўлга қўйилди.

– Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев билан сайловолди учрашувида туманимизда замонавий Ёшлар маркази барпо этилса, деган таклифни илгари сурган эдик, – дейди Учқудуқ қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Сурайё Равшанова. – Давлатимиз раҳбари бу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, қисқа муддатда мана шундай муҳташам марказни ёшлар ихтиёрига топширганидан жуда хурсандмиз. Биз Президентимизнинг юксак ишончига ҳамиша муносиб бўлишга ваъда берамиз.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА