ЎзА Ўзбек

26.10.2015 16:39 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ҳуқуқини билган ютқазмайди

Ҳуқуқини билган ютқазмайди Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги “Камолот” ёшлар оромгоҳида “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” лойиҳасининг мамлакат босқичи доирасида иштирокчилар учун “Бизнесни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Марказий банк, тижорат банклари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда юздан ортиқ ёш тадбиркор иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш жараёнида ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, йигит-қизларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солиш ва ривожлантиришга оид қонунлар, бизнес режа тузиш ва уни рўёбга чиқаришда кўплаб имтиёзлар яратилаётгани самарасида ёшлар ўртасида соҳага қизиқиш тобора ортмоқда. 

6C.jpg

– Интерфаол усулда олиб борилган семинар-тренингда тадбиркорлик соҳасига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни юритиш, назорат қилувчи органлар ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлар, пул-кредит сиёсати ва бошқа масалаларга доир билим ва тушунчаларимизни бойитдик, – дейди нукуслик ёш тадбиркор Сарвиноз Турешова. – Зеро, ўз ҳуқуқини, фаолиятига доир қонунчиликни яхши билган одам ҳамма жойда эркин фикр юритади, ўзига ишониб ҳаракат қилади.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олди.

Дилшод Каримов, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА