ЎзА Ўзбек

13.03.2018 16:55 Ёшларга оид давлат сиёсати

Тошкент вилоятининг энг намунали сардорлар кенгаши аниқланди

Олмалиқ шаҳрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамда “Камалак” болалар ташкилоти томонидан “Энг намунали сардорлар кенгаши” танловининг Тошкент вилояти босқичи ўтказилди.

Туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 20 умумтаълим мактабининг сардорлар кенгаши аъзолари “Бу бизнинг фаолият”, “Бизнинг имкониятларимиз!” ва “Интеллектуал ринг” каби шартлар бўйича ўзаро баҳслашди. Шунингдек, китоб ўқишга бўлган қизиқишни ошириш, ўқувчилар давоматини яхшилаш ҳамда ёшларга оид турли ижтимоий лойиҳалар бўйича сардорларнинг янги лойиҳалари намойиш этилди.

Оққўрғон туманидаги 31-умумтаълим мактаби биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринлар Олмалиқ шаҳридаги 20- ва Паркент туманидаги 17-умумтаълим мактаблари сардорлар кенгаши аъзоларига насиб этди.

Танловда фаол иштирок этган жамоалар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

А.Мусаев, ЎзА мухбири