ЎзА Ўзбек

17.09.2015 19:21 Ёшларга оид давлат сиёсати

Тинчликни мустаҳкамлаш – долзарб вазифа

Навоийда шу мавзуда илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, диний идоралар вакиллари иштирок этган тадбир “Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?” ғоясини мужассам этган мамлакатимиз мустақиллигидан олдинги давр ҳамда бугунги осуда ҳаётимизни акс эттирувчи расмлар кўргазмаси билан бошланди.

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, келажак авлодни мустақил фикрлайдиган ва юксак маънавиятли инсонлар этиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.

Тадбирда мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ва халқимиз фаровонлиги давлатимиз раҳбарининг тинчликпарвар сиёсати, бугунги глобаллашув жараёнларида аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган изчил ишлар самараси экани таъкидланди.

Президентимизнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” асари мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, китоб ёшларимизнинг ота-боболаримиз орзу қилган истиқлол осонликча қўлга киритилмаганини англаб етиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топишида муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Тадбирда намойиш этилган “XXI аср фитнаси” видеоролиги иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Семинарда Навоий вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА