ЎзА Ўзбек

16.09.2015 19:11 Ёшларга оид давлат сиёсати

Таълим кредитларининг шартлари ва афзаллиги

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан таълим кредитларининг мақсад ва вазифалари, улардан фойдаланиш тартиблари тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 26 июлдаги “Олий ўқув юртларида тўлов-контракт асосида ўқиш учун таълим кредитлари бериш тўғрисида”ги қарори ёшларнинг таълим олиши учун янада кенг имкониятлар яратиш, олий маълумот олаётган фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бундай сармоялар олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабаларга, уларнинг ота-оналари ёки васийларига яшайдиган аҳоли пунктида жойлашган тижорат банки орқали расмийлаштирилади.

– Жорий йилнинг ўтган даврида 11 мингдан зиёд талабага 35,7 миллиард сўм таълим кредити ажратилди, – дейди Марказий банкнинг бошқарма бошлиғи Шербек Каралиев. – Уларни йўналтиришда олий таълим масканларида ўқиш даври ҳисобга олинади. Мисол учун, бакалавриатда ўқиётган талабаларга 10 йилгача, магистратурада таълим олаётганларга эса 5 йилгача муддатга берилади. Бундай сармоялар етим, Меҳрибонлик уйларида тарбияланганлар ҳамда болаликдан I, II гуруҳ ногиронларига фоизсиз, бошқаларга Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган фоиз ставкасида йўналтирилади.

Таълим кредитлари учун фоизларни ҳисоблаш ва тўлаш таълим муассасасига ўтказилган сумма берилган вақтдан уч ой ўтгандан сўнг бошланади. Кам таъминланган оила фарзандларига кредитлар фоизининг ярми туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари томонидан Иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан тўланади. Имтиёзли таълим кредитларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган кам таъминланган оилаларни ҳисобга олиш ва моддий ёрдам бериш билан амалдаги тартибга мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари шуғулланади.

Таълим кредити ўқишнинг биринчи йили учун 1 октябрдан 15 мартгача бўлган муддатда, кейинги йиллар учун 5 сентябрдан 5 мартгача бўлган вақт оралиғида тўлаб берилади. Қарз олувчи банкка ариза, талаба ва олий таълим муассасаси ўртасидаги тўлов-контракт асосида ўқиши ҳақида белгиланган тартибда расмийлаштирилган шартнома, ўқишнинг белгиланган муддати ва бир йил учун тўлов миқдори кўрсатилган ҳужжат билан мурожаат қилиши зарур. Шунингдек, қарз олувчининг яшаш жойидан берилган маълумотнома, кредитни қайтариш таъминоти тўғрисидаги ҳужжатлар тақдим этилади. Ҳужжатлар 10 иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Кредит қайтарилмаслиги хавфининг олдини олиш учун қарз олувчи таъминот шаклларидан бирини (мол-мулк ёки қимматли қоғозларни гаровга қўйиш, банк кафолати, учинчи шахс кафиллиги, суғурта полиси), имтиёзли кредит олувчилар эса яшаётган маҳалласидан кафиллик хати тақдим этиши лозим. Ёшларнинг таълим олишлари ва ота-оналарга енгиллик яратиш мақсадида Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди иккинчи хатбошисига кўра, фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган қисми даромад солиғига тортилмайди.

Анжуманда таълим кредитлари мамлакатимизда таълим сифатининг ошишига, малакали, изланувчан, замонавий олий маълумотли кадрлар кўпайишига, моддий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилаётгани таъкидланди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Сайёра Шоева, ЎзА