ЎзА Ўзбек

17.11.2017 16:29 Ёшларга оид давлат сиёсати

Талабалар интерфаол ўйинда иштирок этди

Тошкент давлат юридик университетида Европа Иттифоқининг мини-модели интерфаол ўйини бўлиб ўтди.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда университетнинг халқаро ҳуқуқ факультети талабалари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда юқори билимли, кенг дунёқарашга эга малакали юридик кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Соҳа ривожида маҳаллий ва хорижий тажрибани батафсил ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда университетнинг профессор-ўқитувчилари, талабалари дунёнинг етакчи мамлакатларидаги олий ўқув юртлари билан самарали ҳамкорлик қилиб, ўзаро тажриба алмашмоқда.

Мазкур ўйин талабаларнинг ҳуқуқий билимларини синовдан ўтказиш билан бирга, Европа Иттифоқига аъзо давлатларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганиш, таҳлил қилиш имконини берди.

Талабалар ўзларини Европа Иттифоқи мамлакатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилувчи дипломатлар ролида синаб кўрди. Ўйиннинг асосий мақсади ёшларда танқидий фикрлаш, нотиқлик маҳорати ва музокаралар олиб бориш қобилиятини шакллантиришга кўмаклашишдан иборат. Бундан ташқари, мамлакатларни ривожлантириш ва такомиллаштириш истиқболлари, тадқиқот олиб бориш методологияси ва техникаси билан танишиш ва бошқа масалаларга ҳам эътибор қаратилди.

Интерфаол ўйини ғолиблари совғалар ва махсус сертификат билан тақдирланди.

Гўзал Сатторова, ЎзА