ЎзА Ўзбек

17.07.2014 15:03 Ёшларга оид давлат сиёсати

Соғлом ва баркамол авлод – ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки кунларидан халқимизнинг ибратли анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, ёшлар тарбияси ва маънавий-ахлоқий қарашларини шакллантиришда улардан самарали фойдаланиш устувор вазифалар қилиб белгиланган.

Глобаллашув авж олган бугунги кунда ёшларни “оммавий маданият”, турли мафкуравий, ахборот хуружларидан ишончли ҳимоялаш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу маънавият тарғиботчилари, зиёлилар, ўқитувчилар, фаолияти ёш авлод таълим-тарбияси билан боғлиқ барча соҳа вакиллари зиммасига катта масъулият юкламоқда.

Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев юксак маънавиятли, ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказишда давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида амалга оширилаётган тарғибот ишлари хусусида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, навқирон авлодни буюк аждодларимизга муносиб, ҳеч кимдан кам бўлмаган, билимли, юксак ижодий-интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб вояга етказиш масаласи маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг пировард мақсадини ташкил этади, – дейди Қ.Қуронбоев. – Истиқлол йилларида юртимизда бу соҳада улкан ишлар амалга оширилди. Миллий қадриятларимизга муносабат тубдан ўзгарди, аждодларимизнинг улкан маънавий мероси қайта тикланди.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда бугунги кунда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Соғлом бола йили” Давлат дастури ўз мазмун-моҳияти, аҳамияти ва кўламига кўра халқимизнинг эзгу мақсадларига ҳамоҳанг экани билан диққатга сазовордир.

Ушбу ҳужжатларда мамлакатимизда маънавият ва маърифатни юксалтиришга, навқирон авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашга оид ишлар ҳажмини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Маълумки, ҳар томонлама етук, баркамол авлодни вояга етказишнинг ўзига хос усуллари мавжуд. Бунда миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишнинг илмий-амалий воситалари алоҳида аҳамият касб этади. Бу борада Республика Маънавият тарғибот ҳамда Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказлари томонидан Маданият ва спорт ишлари, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа кўплаб ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Марказ ҳузурида турли соҳа вакиллари, олимлар, ҳуқуқшунослар, психологлар, педагоглар, иқтисодчилардан иборат сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий, социологик ва ҳуқуқий йўналишлар бўйича тарғибот гуруҳлари шакллантирилиб, уларнинг самарали фаолияти йўлга қўйилди. “Маънавий қиёфа”, “Замонавий интернет тармоқларининг маънавият тарғиботчилари” мавзуларида грант лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар ташкилотларда маънавий-ахлоқий муҳитни ўрганиб бориш, бу борада социологик тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг доимий мониторингини йўлга қўйиш, маънавий-маърифий муҳит барқарорлигини таъминлашга оид таклиф ва тавсиялар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Марказимизнинг туман ва шаҳар бўлимлари моддий-техник базаси яхшиланиб, улар фаолиятига замонавий технологиялар кенг жалб этилди. Маънавият масканлари зарур жиҳоз ва ускуналар, компьютер техникаси, сиёсий, илмий-маърифий, ҳуқуқий, бадиий адабиётлар, босма нашрлар, плакатлар, кўргазмали воситалар билан тўлиқ таъминланди.

“Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси юзасидан марказ томонидан “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур” мавзуидаги плакатлар тайёрланиб, чоп этилди. Ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясига яқиндан кўмак берувчи, уларни ёт ғоялар, “оммавий маданият”нинг хатарли таъсири, турли зарарли ахборотлар оқимидан ҳимоялашга қаратилган туркум адабиётлар, рисолалар нашр этилиб, ахборот-ресурс марказлари, таълим масканларига етказиб берилаётир.

Республика Маънавият тарғибот маркази ҳузурида “Маънавият тарғиботчиси” нодавлат таълим муассасаси ташкил этилган. Унда маънавият тарғиботчиларининг малакасини ошириш, касб билим ва маҳоратини юксалтириш, иш тажрибасини орттириш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўқув машғулотларини замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда ўтказиш билан бирга истиқлол йилларида барпо этилган иншоотлар, муаззам майдонлар, қайта тикланган тарихий обидалар, ёдгорлик мажмуалари, муқаддас қадамжолар, театрлар, музейлар, тасвирий санъат галереяларига экскурсиялар уюштирилаётир.

Давлат дастури доирасида ўтказилган “Юксак маънавиятли авлод” мавзуидаги республика ёшлар фестивалида юртимиз ёшларининг маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар, кенг кўламли ўзгаришлар жараёнига оид билимлари билан бирга Президентимиз асарлари, санъат, маданият, бадиий ижод, тарихга оид маълумотларни нечоғли пухта эгаллагани кўрикдан ўтказилди. Айни пайтда мазкур фестиваль ёшларнинг фуқаролик позицияси, ижтимоий бурчи, Ватан, шу азиз замин тақдирига дахлдорлик туйғуларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган маънавий-маърифий, ҳуқуқий ислоҳотларнинг, ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини уларга кенг ва атрофлича етказиш мақсадида умумтаълим мактабларининг 8-9-синфлари ўқувчилари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таҳсил олаётган ёшларни қамраб олган ҳолда маънавият тарғиботчилари иштирокида дарс машғулотлари ўтказилаётир.

Ёзги мавсумда ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш, маҳаллалар, меҳнат жамоаларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада кучайтириш мақсадида “Соғлом ва баркамол авлод – ҳаётимизнинг ҳал қилувчи кучи”, “Озод ва обод Ватанда бахтли яшаш ўз қўлимизда”, “Соғлом бола тарбиясида миллий қадриятларнинг ўрни”, “Ёшлар диний экстремизмга қарши”, “Ҳозирги замон ва динлараро мулоқот”, “Диний экстремизм ва унинг салбий оқибатлари” каби мавзуларда учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказиш кенг йўлга қўйилган. Уларда маънавият тарғиботчилари, олимлар, психологлар, тажрибали педагоглар, ҳуқуқшунослар, шифокорлар мамлакатимизда ёш авлод камолоти йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор ва ғамхўрликнинг мазмун-моҳиятини аҳоли, айниқса, ёш авлодга етказиб бериш билан бирга ҳар жиҳатдан комил фарзандларни вояга етказишда ота-она масъулияти хусусида ҳам тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Республика Маънавият тарғибот маркази мутахассислари “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги маърифат ва маънавият масалалари бўйича комиссиялар фаолиятига ҳам яқиндан кўмаклашиб келаётир. Комиссиялар ишини ташкил этишда миллий анъана ва қадриятларимиз замирида мужассам бўлган меҳр-оқибат, инсонни улуғлаш, тинч ва осойишта ҳаёт, дўстлик ва аҳилликни қадрлаш, долзарб масалаларни биргаликда ҳал этиш каби эзгу қадриятларнинг аҳамиятини йигит-қизларга атрофлича тушунтириш юзасидан амалий ва услубий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу билан бирга, қатор вазирлик ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида маҳаллаларда “Ёшлар – иллатларга қарши!” ижтимоий лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда. Унга кўра “тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида олий таълим даргоҳларининг иқтидорли талабалари маҳаллаларда ўз тенгқурларига гиёҳвандлик, жиноятчилик, одам савдоси каби иллатлардан огоҳ этишга оид кенг қамровли тушунтириш-тарғибот ишларини амалга оширмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда талабалар тураржойларини ўрганиш ва мавжуд салбий ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан доимий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этишга, ёшларнинг таълимдан ташқари бўш вақтини тўғри ва оқилона ташкил этиш бўйича турли тўгараклар, спорт секциялари фаолиятини кенг йўлга қўйиш, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 1 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрамига марказимиз томонидан ҳам қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида, чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида байрамни кўтаринки кайфиятда, юксак савияда кутиб олишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича амалий чора-тадбирлар режалаштирилди. Жумладан, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, таълим фидойилари, театр ва кино ижодкорлари, истеъдодли ёшлардан иборат тарғибот гуруҳлари томонидан аҳолига, айниқса, навқирон авлодга истиқлолимиз, унинг бетимсол неъматлари, тинч ва осойишта ҳаётимизнинг қадр-қимматини самарали ва таъсирчан мисоллар билан, содда ва самимий тарзда етказиш бўйича туркум маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.

Маънавият инсонни камолотга, саодатга элтади. Шундай экан, ёшларимиз тарбиясини тўғри ташкил этиш, уларни фикрсизлик, ахлоқсизлик, дидсизлик, бефарқликдан асраш барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

ЎзА, Назокат Усмонова