ЎзА Ўзбек

23.03.2017 12:43 Ёшларга оид давлат сиёсати

Сирдарёда “Камолот” шахмат тахтаси” турнири ғолиблари сараланди

Гулистон шаҳрида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Камолот” шахмат тахтаси” турнирининг Сирдарё вилояти босқичи бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган турнир ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, шахматга ихлосманд ёшларни муносиб рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Турнирда 5 ёш тоифасидаги 110 ҳаваскор шахматчи ғолиблик учун дона сурди. Уларнинг 10 нафари ғолиб сифатида турнирнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Қарийб 10 йилдан буён устозларим кўмагида шахмат сирларини ўрганмоқдаман, – дейди турнир ғолибларидан бири, 14 ёшли Севинч Абдуллаева. – Бугун ўз ёш тоифамда турнир ғолиби бўлганимдан хурсандман. Келгусида Ўзбекистонимиз шахмат мактаби анъаналарини муносиб давом эттирган ҳолда, нуфузли халқаро турнирлар, қитъа ва жаҳон чемпионатларида муваффақиятли иштирок этишни мақсад қилганман.

Турнирда ўз ёш тоифасида ўғил болалар ўртасида Самандар Жонзоқов, Жавоҳир Ғуломов, Диёржон Раимжонов, Абдуғани Очилов, Бекзод Солижонов, қизлар баҳсида Чарос Турдиева, Маржона Азизқулова, Севинч Абдуллаева, Малика Жумаева, Шаҳноза Абдураҳмонова ғолибликни қўлга киритди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА