ЎзА Ўзбек

08.10.2015 12:19 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ораста қизлар танлови

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятига доир кўрик-танловнинг мактаб босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшлар, айниқса, қизларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни таълим босқичлари билан тўла қамраб олиш, саломатлигини асраш, ватанпарварлик, фидойилик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида вояга етказишга устувор вазифа сифатида ёндашилмоқда.

Юртимизнинг барча умумтаълим мактабларида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараклари доирасидаги машғулотлар давомида ўқувчи қизларга шахсий гигиена қоидаларини тўғри шакллантириш, уларда ўзининг ва атроф-муҳитнинг тозалигига эътиборни кучайтириш, экологик ва тиббий маданиятни юксалтириш, балоғат ёшига етмасдан турмуш қуришнинг олдини олиш бўйича кенг тушунчалар бериб борилмоқда.

“Ораста қизлар” тўгараклари машғулотларининг ўқув муассасалари маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари, маҳалла маслаҳатчилари, ички ишлар, тиббиёт ходимлари, психологлар, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вакиллари иштирокида олиб борилаётгани сабоқларнинг янада таъсирчанлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Юртимизда давом этаётган “Ораста қизлар” тўгараклари фаолиятига оид танловнинг мактаб босқичларида иштирокчиларга ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш, навқирон авлод маънавиятини юксалтириш, болалар спортини ривожлантириш, айниқса, қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишга оид ислоҳотлар кўлами ва мазмун-моҳияти кенг тушунтирилмоқда. Бу йилги танловнинг ўзига хос жиҳати, лойиҳа давомида қизларнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасидаги ибратли ишлар, ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти ҳақидаги билимларини ошириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Назокат Усмонова, ЎзА