Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.10.2017 16:15 Ёшларга оид давлат сиёсати

Мақсад – ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ баркамол авлод тарбиясига давлат сиёсати даражасида устувор аҳамият қаратиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги фармонига мувофиқ, юртимиздаги барча олий ўқув юртларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси лавозимига сайлов ўтказилди. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида жорий йил сентябрь ойида ўтказилган сайловда мазкур олий таълим муассасаси битирувчиси Маъруф Қаноатов етакчи этиб сайланди.

– Кейинги йилларда жамоамизда таълим-тарбия жараёнини такомиллаштириш, ёшларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардаги иштирокини фаоллаштириш, талабаларнинг бўш вақтини фойдали ва мазмунли ташкил этиш масалалари билан жиддий шуғулланилмоқда, – дейди М.Қаноатов. – Айниқса, кўплаб интеллектуал ва спорт тадбирлари ўтказилди. Университетимиз ҳузурида турли чет тилларни ўрганиш тўгараклари фаолият юритмоқда. Муҳими, тўгарак машғулотлари учун тўланадиган ҳақ хайрия мақсадларида ишлатилади: университетимиз 199-ногирон болалар мактаб-интернатини ободонлаштиришга кўмаклашмоқда. Кейинги йилларда мактаб-интернат тўлиқ таъмирдан чиқарилди, болалар учун турли тадбир ва байрамлар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида университетда талабалар театр студияси очилган. Студия иштирокчилари турли тилларда спектакллар қўйишади, бу эса уларнинг нафақат ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш, балки касб кўникмаларини оширишга ҳам хизмат қилади. Ўтган йили ЎзДЖТУ театр студияси «Yoshlar haftaligi» республика фестивалида биринчи ўринни қўлга киритди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг асосий вазифаси этиб эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган навқирон авлоднинг барча муаммоларини ҳал қилишда фаол иштирок этиш белгиланган.

– Ёшлар ташкилоти етакчилари бундан буён барча даражадаги раҳбарларга ёшларга оид масалаларда маслаҳатчи экани Президентимиз ва давлатимиз томонидан ёшлар масаласига, уларнинг муаммоларини ҳал қилишга устувор аҳамият қаратилаётганидан далолат, – дейди М.Қаноатов. – Талабаларнинг ўқишдаги муваффаққияти ва ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки рағбатлантирилаётгани бу борада яна бир янгилик бўлди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ва ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияси асосида ўқишга кирган талабага шартнома тўловининг муайян фоизини тўлашда ёрдам кўрсатилиши билан бирга, жорий йилдан бошлаб ўқишда муваффақиятга эришган ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган бошқа талабалар учун ҳам шартнома тўловининг муайян фоизи тўлаб берилади. Бу ёшларимиз учун янада рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, университет бошланғич ташкилоти олдида ёшларда фаол фуқаролик позицияси, Ватан тақдирига дахлдорлик, мамлакатимизнинг янада ривожланишига ҳисса қўшишга интилиш ҳиссини шакллантиришдек улкан вазифалар турибди.

Сўғдиёна Шокирова. ЎзА