ЎзА Ўзбек

24.01.2017 15:35 Ёшларга оид давлат сиёсати

Корхоналарда амалиёт ўтаган ўқувчиларнинг аксарияти ишга қабул қилинади

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида ёшлар бандлигини таъминлаш, ёш мутахассисларни маълум бир соҳага йўналтириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Пойтахтимиздаги Яшнобод политехника касб-ҳунар коллежи ана шу йўналишдаги тармоқ корхоналари учун малакали мутахассислар тайёрлаб бераётган намунали ўқув муассасаларидан. 1600 га яқин йигит-қиз таҳсил олаётган коллежда дарс жараёнини юқори савияда ташкил этиш учун ўқув хоналари, лабораториялар, интернет тармоғига уланган ахборот-ресурс маркази замонавий жиҳозлар билан таъминланган. Замонавий спорт зали ва майдончалари ўқувчилар ихтиёрида. Ўқувчилар дарсдан бўш вақтида турли тўгаракларга қатнамоқда.

Ўқув масканида назария ва амалиётнинг уйғун равишда олиб борилиши бўлғуси мутахассисларнинг касбга оид билим ва кўникмасини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётир.

– Коллеж ўқувчиларини ишлаб чиқариш жараёнига тўлиқ жалб этиш мақсадида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси, "Сувмаш" очиқ акциядорлик жамияти, "Тошкент труба заводи" сингари ўнга яқин корхона билан ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди коллеж директори ўринбосари Баҳодир Қодиров. – Ушбу ташкилотларда амалиёт ўтаган ўқувчиларнинг аксарияти ишга қабул қилинмоқда.

Юқори малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида коллежда бешта ишлаб чиқариш устахонаси ва лаборатория хоналари ташкил этилган. 80 дан зиёд малакали ўқитувчи ва 19 ишлаб чиқариш устаси ўқувчиларга таълим бермоқда.

– Жорий йилда коллежимизни тамомлайдиган 517 нафар ўғил-қизнинг иш жойини тайин қилиш мақсадида тўрт томонлама шартномалар имзоланмоқда, – дейди коллеж директори Зокир Ғаниев. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга, унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур. Фақат шундай йўл билан биз давлатнинг ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари олдидаги мажбуриятини бажаришимиз мумкин.

Моҳигул Қосимова, ЎзА