ЎзА Ўзбек

30.03.2017 12:07 Ёшларга оид давлат сиёсати

Коллеж битирувчиларини тадбиркорликка жалб этиш бўйича семинар ўтказилди

Нукусда “Ёш мулкдор – юрт таянчи” ҳамда “Диплом билан бизнесга” лойиҳалари доирасида семинар-тренинг ўтказилди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши томонидан ташкил этилган тадбирда партия фаоллари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, солиқ, банк-молия идоралари, Фермерлар кенгаши вакиллари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, коллеж битирувчилари иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва янада қулай бизнес муҳити яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Ёшларнинг ижтимоий фаоллигини, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракатига бўлган қизиқишини ошириш, ёш тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқий, сиёсий, иқтисодий билимини мустаҳкамлаш, инновацион лойиҳаларни хусусий секторга кенг жорий қилиш, коллеж битирувчилари учун бизнес ўқувлари ташкил этиш, фаол йигит-қизларни партия “Ёшлар қаноти” атрофида бирлаштириш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси кенгашидаги 17 мингдан зиёд аъзонинг 9 мингдан зиёди ёшлардир. Партия томонидан уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.

– “Диплом билан бизнесга” лойиҳасида ўзимнинг бизнес-режам билан қатнашдим, – дейди коллеж битирувчиси Азиза Матқурбонова. – Эскирган газета қоғозларидан турли сувенир буюмлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, тенгдошларим бандлигини таъминлашга ҳисса қўшмоқчиман.

Қорақалпоғистон Республикасидаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини жорий йилда 26 минг 844 ўқувчи битиради. Тадбирда тадбиркорликка қизиқувчи, ташаббускор битирувчиларга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олиш ва бизнес юритишда кўмаклашиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.

Аминбой Ортиқбоев, ЎзА