ЎзА Ўзбек

02.07.2014 15:29 Ёшларга оид давлат сиёсати

Касб-ҳунарли ёшлар

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида касб-ҳунар коллежларида таълим сифатини ошириш, коллежларнинг ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида изчил чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Бу меҳнат бозори учун зарур мутахассис кадрлар етказиб бериш ва ёшларни эгаллаган касби бўйича иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топиши, меҳнатга тўғри муносабатини шакллантиришда уларнинг ўз мутахассислиги бўйича бандлигини таъминлаш доимий эътиборда. Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармасидан маълум қилишларича, 2013-2014 ўқув йилида пойтахтимиздаги 79 коллежни 135 мутахассислик бўйича 35 минг 550 нафар ўқувчи битирмоқда.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури ва Президентимизнинг 2013 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижроси юзасидан Тошкент шаҳрида қатор ташкилотлар ҳамкорлигида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётир.

– Коллеж битирувчиларининг амалиёт ўташини ташкил этиш ва ишга жойлашишига кўмаклашиш мақсадида ўқувчи-ёшлар ўн мингга яқин ташкилот ва муассасага шартнома асосида бириктирилди, – дейди Тошкент шаҳар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Ширинбек Тўйчибоев. – Уларнинг амалиёт машғулотларини юқори савияда ўташи, ўз касбини пухта ўрганиши, бўлғуси фаолияти бўйича зарур кўникмаларга эга бўлиши ҳамда ишга жойлашишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирга қадар барча битирувчини ишга жойлаштириш юзасидан уч томонлама шартномалар имзоланди.

Жорий йилда Ҳамза темир йўл касб-ҳунар коллежини темир йўл транспортларидан фойдаланиш ва таъмирлаш, темир йўл ва вагонлар, станцияларга хизмат кўрсатиш ва фойдаланиш механиги йўналишларида 449 нафар ўқувчи тамомламоқда. Шу кунгача барча битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича корхоналар билан уч томонлама шартномалар тузилди.

– Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофазалаш, бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда, – дейди коллеж директори Нодир Абдураҳмонов. – Коллеждан катта ҳаётга қадам қўяётган ҳар бир ёшнинг дунёқараши, касб маҳорати, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини ҳис этиши таълим-тарбияга, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка боғлиқ. Ёшларимизнинг яратилган имкониятлардан оқилона фойдаланаётгани келажакда ўз самарасини беради.

Коллежда ўқувчиларнинг амалиётини самарали ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси, минтақавий темир йўл узели станциялари ва “Ўзтемирйўловчи” очиқ акциядорлик жамияти билан ҳамкорлик ўрнатилган. “Коллеж – корхона” тизими асосида ёшларнинг иш билан таъминланаётгани ҳам корхона, ҳам битирувчи учун фойдали бўлаётир.

– Шартнома асосида "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик темир йўл компаниясида иш бошлаётганимдан мамнунман, – дейди Бунёд Бобомуродов. – Ишлаб чиқариш амалиётини мазкур компанияда ўтаганим боис иш жараёнини анча ўргандим. Фаолиятимни шу соҳада давом эттириш, келажакда олий ўқув юртида таҳсил олиш ниятидаман.

ЎзА, Барно Мелиқулова