ЎзА Ўзбек

11.10.2017 15:33 Ёшларга оид давлат сиёсати

Қизлар фестивали бўлиб ўтди

Қизлар фестивали бўлиб ўтди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университетида 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан I Республика қизлар фестивали ташкил этилди.

Университет ректори Б.Ҳодиев, Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Абдураҳимова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари Д.Каттахонова, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира М.Усмонова ва бошқалар мамлакатимизда қизларнинг саломатлигини асраш, пухта таълим бериш, касб ўрганиши, меҳнат бандлигини таъминлаш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон Республикасининг "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонуни ҳар жиҳатдан баркамол, юрт истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, фидойи, шижоатли ёшларни тарбиялаш, салоҳиятини юзага чиқариш йўлида муҳим ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 июнь куни мамлакатимиз фаол ёшлари билан учрашувида белгиланган вазифалар ҳамда бу борада қабул қилинган миллий қонунчиликка мувофиқ Хотин-қизлар қўмитаси қатор амалий чора-тадбирларни ҳаётга кенг жорий этмоқда. Ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри йўналтириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқланган долзарб масалалар ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳал қилинмоқда.

8.JPG

Қўмитанинг 2017-2021 йилларда ёш оилалар ва қизлар билан ишлаш бўйича стратегияси ишлаб чиқилди. Қизлар билан иш олиб бориш қамровини кенгайтириш мақсадида маҳаллалар, ўқув даргоҳларида, корхона ва жамоаларда "Қизларжон" клублари ташкил этилди.

– Клубимизга эллик нафардан ортиқ қиз аъзо, – дейди Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманидаги "Ёқут" маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Сора Азизова. – Мактабларда уларнинг қизиқишига қараб турли тўгараклар ташкил этиш, қўшимча касб ўргатиш, бўш вақтини мазмунли ўтказишга катта эътибор қаратаяпмиз.

Фестиваль давомида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳияти, унинг амалий натижалари хусусида сўз юритилди. Қизлар маънавиятини юксалтириш, саломатлигини сақлаш, тафаккурини турли зарарли ғоялардан ҳимоялаш, кийиниш, муомала одобига доир маърузалар муҳокама этилди.

Ёш ижодкорлар иштирокидаги мушоира, мусиқий дастур намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА