ЎзА Ўзбек

26.10.2015 18:36 Ёшларга оид давлат сиёсати

Истиқболли ёшлар – эртамиз эгалари

Пойтахтимизда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ҳудудий партия кенгашларининг “Ёш адолатчилар” қаноти раислари учун “Депутат ёшлар даврасида” мавзусида семинар бўлиб ўтди.

“Ватан келажаги ёшлар қўлида” ижтимоий лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда депутатлар, партия фаоллари, олимлар, маънавият тарғиботчилари иштирок этди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Н.Умаров ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ўз иқтидор ва салоҳиятини рўёбга чиқариши учун барча шароит яратилаётганини таъкидлади.

Партиянинг “Ёш адолатчилар” қаноти томонидан ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда қабул қилинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиш мақсадида турли ўқув-семинарлар, давра суҳбатлари ва кўрик-танловлар ўтказилмоқда.

Семинарда давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда “Ёш адолатчилар” қаноти етакчиларининг роли қандай бўлиши кераклиги хусусида маслаҳат ва тавсиялар берилди.

– Бугунги муракаб глобаллашув даврида миллий манфаатларимиз, маънавий-ахлоқий қарашларимизга ёт зарарли ғояларни ёшлар онгига сингдиришга уринишлар кучаймоқда, – дейди Республика Маънавият тарғибот маркази эксперти Нигора Саидалиева. – Интернет, мобиль алоқа, компьютер ўйинлари, видео ва кино маҳсулотлари орқали кириб келаётган салбий ахборотлардан ёш авлодни ишончли ҳимоялаш, уларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясини тўғри ташкил этишда “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Тадбирда “Ёш адолатчилар” қаноти фаолларининг билим ва маҳоратини ошириш, уларни қонунлар ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардор қилиб бориш масалалари юзасидан фикрлашилди.

Азима Қиёсова, ЎзА