ЎзА Ўзбек

28.11.2017 17:47 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ёшларнинг ўрни ва роли жуда муҳим

Ёшлар тарбияси барча замонларда ҳам энг муҳим, инсоният келажагини белгиловчи масала бўлган ва шундай бўлиб қолади. Шу боис мамлакатимизда ёшлар камолоти масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилгани ва мамлакатимизда 30 июнь – Ёшлар куни, деб эълон қилингани келажагимиз эгалари ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Президентимизнинг ушбу ташкилот фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қарори билан тасдиқланган дастурда ёшларни масъулиятли лавозимлар захирасига киритиш, олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш, имконияти чекланган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш каби ғоят муҳим ташкилий-ҳуқуқий тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда тарихий ўзгаришлар, таъбир жоиз бўлса, илгари мисли кўрилмаган ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад – “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган олижаноб тамойил устувор бўлган демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдир. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама уйғун ва жадал ривожлантириш учун шароит яратиш, барча соҳаларни модернизация қилиш ва эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилаётир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бошланган иқтисодий сиёсат замирида “халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”, деган ёндашув ётгани, айниқса, оддий одамлар қалбида бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда. Негаки, ҳар бир инсон яхши яшаш, орзу-ҳавас кўриш, меҳнатига яраша даромад топиш учун иш шароитига эга бўлишни хоҳлайди. Демак, улар, албатта, шундай табиий истак ва интилишни сиёсат даражасига кўтарган шахс ва давлатни қўллаб-қувватлайди.

Биз олдимизга катта мақсадлар қўйдик. Мамлакатимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларни ёшларимиз давом эттиради. Бу соҳада нима қилишимиз, ўзимизга муносиб ўринбосарлар тайёрлаш борасида қандай ишларни амалга оширишимиз керак, деган фикр кўплаб саволларга жавоб топишга ундайди. Мамлакатимиз аҳолиси, жумладан, комбинат ишчиларининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшларнинг бугунги кайфияти, қизиқишу интилишлари, маънавий-руҳий олами қандай? Улар учун ҳаётда нималар қадрият даражасига кўтарилган? Уларни қандай масалалар кўпроқ ўйлантиради?

Ислоҳотларни рўёбга чиқаришда ёшларнинг ўрни ва роли жуда муҳим, албатта. Негаки, Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган дастурга мувофиқ, 2017-2026 йилларда Навоий кон-металлургия комбинатида 27 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Қиймати 3 миллиард 63 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳалар натижасида 2026 йилга бориб ишлаб чиқариш ҳажми 30 фоизга ошади. 31 мингга яқин иш ўрни яратилади. Бундай улуғвор дастурни амалга оширишда ёшлар фаоллигини таъминлашдан ташқари, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш учун ҳам ҳозирданоқ ишни тизимли равишда ташкил этишимиз даркор.

Ёшларимизда фаол ҳаётий нуқтаи назар, аниқ бир мақсадга интилувчанлик, ижтимоий ҳаракатчанлик изчил шаклланиб бораётир. Муҳими, ёшлар ўз Ватани билан фахрланади, ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси юксак уларда. Бу, шубҳасиз, Президентимиз раҳнамолигида ижтимоий йўналтирилган ёшлар сиёсати амалиётга самарали татбиқ этилаётгани натижасидир. Ёшларимиз қадимий ва бой тарихимизни билиши зарур ва айни пайтда уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашимиз лозим. Бинобарин, калондимоғлик, бепарволик, лоқайдлик, боқимандалик каби салбий иллатлардан асрашимиз керак.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ва 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Навоий кон-металлургия комбинатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши раиси, Марказий кон бошқармаси, Шимолий кон бошқармаси, Жанубий кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси, 5-кон бошқармаси, 1-Гидрометаллургия заводи ва Навоий машинасозлик заводида бошланғич ташкилотлар етакчилари учун биттадан штат бирлиги ажратилди.

Ёшларни техникага оид касбларга йўналтириш ишларини кучайтиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Иқтисодиёт ривожи учун мазкур соҳага ихтисослашган кончи, механик, дастурчи, маркшейдер каби мутахассисликлар бўйича ёш кадрларга эҳтиёж бор. Бу кадрларни биз Навоий давлат кончилик институтида тайёрламоқдамиз. Бугунги кунда институтда 12 бакалавр ва 8 магистратура йўналишида мутахассислар тайёрланмоқда.

Институт 1995 йилда ташкил этилган бўлса-да, яқин йилларгача унинг янги биносини қуриш пайсалга солиб келинган, лаборатория базаси жуда ночор аҳволда эди. Ўқув жараёни эски биноларда олиб бориларди. Биз бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, биринчи навбатда, талабаларнинг институтда олган назарий билимини амалиётда қўллаши учун комбинат бўлинмаларида ихтисослик кафедралари филиалларини ташкил этишга киришдик. Қисқа даврда Навоий машинасозлик заводи, 1-Гидрометаллургия заводи, 5-кон бошқармасида “Металлургия”, “Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва бошқариш”, “Технологик машиналар ва жиҳозлар”, “Ноёб ва радиоактив металлар рудаларини қазиб олиш, қайта ишлаш техникаси ва технологияси” каби йўналишлар учун кафедра филиаллари ташкил этилди, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида “Кимёвий технология” кафедраси, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамияти ва “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида “Электр энергетика” кафедраси филиаллари очилди. Бу ишлар ўзининг ижобий самарасини бера бошлади.

Эндиги навбат Навоий давлат кончилик институтининг замонавий ўқув хоналари ва энг сўнгги лаборатория жиҳозларига эга бўлган ўқув биносини барпо этиш эди. Лойиҳани тайёрлаш жараёнига тажрибали мутахассислар жалб этилди. Зарафшон қурилиш бошқармаси қурувчилари томонидан 80 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган институтнинг 2 минг талабага мўлжалланган ўқув биноси 2016 йилда бўлажак кончи, металлург, энергетик ва кимёгарлар таълим олиши учун ўз эшикларини очди. Давлатимиз томонидан ажратилган 6 миллион доллар маблағ ҳисобидан замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари келтириб ўрнатилди. Ишонч билан айта оламанки, яқин келажакда муассасада нафақат фарзандларимиз, балки хорижий давлатлар ёшлари ҳам келиб таҳсил олади. Навоий шаҳрида қад ростлаган буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига ҳурмат билан гулчамбарлар қўяди. Ўзбекистон ёшларининг ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч қачон кам бўлмаганлигига амин бўлади.

Комбинатда меҳнат қилаётган ишчиларнинг аксарияти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини битирган ёшлардир. Бу ёшларнинг кўпчилиги ўз соҳасининг ҳақиқий мутахассиси бўлса-да, олий маълумотга эга эмаслиги уларни юқори лавозимларга кўтаришда муайян қийинчиликлар туғдирарди. Мазкур масалага ҳам жорий йилда ечим топилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан 2017-2018 ўқув йилидан Навоий давлат кончилик институтида 6 йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлим очилди ва дастлабки қалдирғочлар – 90 нафар ёшларимиз талабалик бахтига муяссар бўлди.

Яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. Бир пайтлар комбинат эшигидан киролмаган маҳаллий ёшлар бугун комбинатнинг энг катта таянчи, суянчидир. Ҳозирги кунда комбинатда меҳнат қилаётган ишчиларнинг 93 фоизга яқини, раҳбар кадрларнинг 90 фоиздан ортиғи ҳамда мутахассисларнинг 88 фоизини маҳаллий кадрлар ташкил этаётгани мамлакатимизда маҳаллий муҳандис кадрларни тайёрлаш борасида узоқни ўйлаб олиб борилган сиёсат натижасидир. Комбинатда фаолият олиб бораётган ишчиларнинг ўртача ёши 37 ёш бўлиб, 30 ёшгача бўлган раҳбар ва мутахассислар улуши 32 фоизга тўғри келмоқда.

Ёшлар меҳнат фаолияти давомида юқори лавозимга кўтарилиши учун барча имкониятни яратиб бериш, қўрқмасдан раҳбарлик лавозимига таклиф этиш зарур. Негаки, Президентимизнинг билим ва салоҳиятли ёш раҳбарларда тажриба етарли бўлмаса, уларга ўзим ўргатаман, деган сўзлари бизга дастуриламал бўлиши керак. Замонавий фикрлайдиган ва шижоатли ёш раҳбарларни тарбиялаш, уларга тажриба ўргатиш, энг муҳими, ислоҳотлар фалсафасини онгу шуурига сингдириш соҳа келажаги қандай бўлишини таъминлайдиган муҳим омилдир. Бугун комбинатда меҳнат қилаётган ҳар бир ёш, биринчи навбатда, амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар беришига ишонади. Шундай экан, бўлажак раҳбарларга нафақат замонавий техника ва технологияларни бошқаришни ўргатиш, балки уларни одамлар билан мулоқот қилиш, ишчиларга меҳнат ва дам олиши учун муносиб шароит яратиш йўлида доимо қайғурадиган, қисқача айтганда, халқ дарду ташвиши билан яшайдиган инсонлар қилиб тарбиялашимиз зарур.

Қувондиқ Санақулов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Навоий кон-металлургия комбинати бош директори,
Ўзбекистон Қаҳрамони.

ЎзА