ЎзА Ўзбек

01.07.2014 18:26 Ёшларга оид давлат сиёсати

Иқтидорли ёшлар танлови

Иқтидорли ёшлар танлови

Самарқандда “Юрт келажаги” республика кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичларида сараланган 641 нафар иқтидорли ва ташаббускор ёш иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замон талаблари даражасида билим ва касб кўникмаларини эгаллаб, жамиятда муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда юртимизда мазкур қарор асосида ишлаб чиқилган дастур бўйича ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илмий ва ижодий қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ҳамкорлигида ташкил этилган танлов ҳам истеъдодли ёшларни аниқлаш ва рағбатлантириш, уларнинг келгуси фаолиятига кенг йўл очишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Танловда 15-25 ёшдаги иштирокчилар архитектура ва дизайн, либослар дизайни, ахборот технологиялари, рационализаторлик таклифлар ва техник ишланмалар, тасвирий ва амалий санъат, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларни такомиллаштириш бўйича таклифлар, адабиёт ва журналистика йўналишларида ўз билим ва салоҳиятини намойиш этди.

– Болалигимдан тикувчиликка қизиқаман, – дейди Ургут тумани Испанза маҳалласида яшовчи Мадина Зоҳидова. – Ана шу қизиқиш аввал мактаб, сўнгра коллеждаги ўқишим даврида қатъий мақсадга айланди. Шу сабабли коллежни битиргач, ушбу йўналишда мустақил фаолият бошладим. Ҳозир замонавий либослар тикяпман ҳамда маҳалламиздаги қизларга ҳам бу ҳунар сирларини ўргатмоқдаман. Танловда намойиш этилган либосларим юқори баҳоланиб, республика босқичига йўлланма олганимдан жуда хурсандман. Бу мен учун катта рағбат ва фаолиятимни янада ривожлантиришга туртки бўлади.

Якуний натижаларга кўра, барча йўналиш ва номинациялар бўйича энг иқтидорли иштирокчилар кўрик-танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олишди.

ЎзА, Ғ.Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат)