ЎзА Ўзбек

27.11.2017 14:37 Ёшларга оид давлат сиёсати

Говургон қадимий манзилига саёҳат: экспедиция натижалари қандай бўлди?

Жорий йилнинг октябр ойида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тузилган ёшлар экспедициясининг Сурхондарё вилояти Боботоғ ҳудудидаги Говургон қадимий манзилига саёҳати уюштирилган эди.

Ёшлар иттифоқи марказий кенгашида ушбу экспедиция ва илмий изланишлар натижаларига бағишлаб тадбир ўтказилди.

Унда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 24 майдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданиятини тиклаш, буюк алломаларимиз, азиз-авлиёларимизнинг илмий, диний ва маънавий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, муқаддас қадамжоларини обод қилиш, ёш авлодни уларнинг эзгу анъаналари руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий соҳадаги ислоҳотлар самарасини оширишни янги босқичга кўтаришга хизмат қилаётгани таъкидланди.

– Бу каби лойиҳалар ёшларда Ватан туйғусини оширишга хизмат қилади, заминимизнинг ҳар бир гўшаси ва тарихини асраб-авайлашга ўргатади, – дейди ёшлар экспедицияси раҳбари Фахриддин Ашрафхўжаев. – Ватанимиз ҳудудида ҳали ўрганилмаган, ҳар томонлама ва тўлиқ тадқиқ этилмаган манзиллар жуда кўп. Саёҳатимиз мобайнида ўқувчи-ёшлар билан биргаликда изланишлар олиб бориб, бир қанча маълумот ва топилмаларга эга бўлдик.

Тадбирда экспедиция аъзоларининг саёҳат таассуротлари ҳамда топилмаларнинг тарихий аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалари тингланди. Ушбу ўрганишлар малакали мутахассислар иштирокида давом эттирилиши ва “Говургон – ёшлар нигоҳида” ҳужжатли фильми суратга олиниши режалаштирилаётгани қайд этилди.

Тадбирда Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Темурийлар тарихи давлат музейи мутасаддиларига экспедиция давомида қўлга киритилган осори-атиқалар ҳамда ноёб қўлёзмалар топширилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА