ЎзА Ўзбек

13.06.2017 13:28 Ёшларга оид давлат сиёсати

Фаровон ҳаётимизнинг муҳим омили

Андижон вилояти Асака туманида "Ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш – демократик жамият қуриш пойдевори” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши, партиянинг “Ёшлар қаноти” бўлими ҳамда Асака тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, ҳуқуқшунослар, таълим муассасалари раҳбарларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш ва ижобий ҳал этиш, уларни қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини тўлақонли намоён этиши учун барча шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни мазмун-моҳияти, Президентимизнинг жорий йил 2-3 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи доирасидаги мулоқотлардан келиб чиқадиган вазифалар, ёшлар тарбияси, уларнинг маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқий ва сиёсий билимини бойитиш, бандлигини таъминлаш каби қатор масалалар юзасидан фикр алмашилди.

– Бундай тадбирлар ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларни турли ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади, – дейди партия вилоят кенгаши “Ёшлар қаноти” бўлими мудири Элёрбек Авулов.

“Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонуни ижроси юзасидан туманда олиб борилаётган ишлар”, "Ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унинг профилактикаси бўйича муҳим вазифалар, истиқболдаги режалар”, “Ёшларни диний экстремистик ғоялар таъсиридан асрашда ислом дини ва диний уламоларнинг ўрни”, “Тинчлик-тотувлик бугунги фаровон ҳаётимизнинг муҳим омили” мавзуларида маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш, умуман, ёшлар билан ишлаш йўналишидаги ишларни янада такомиллаштиришда кенг жамоатчилик ҳамкорлигини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ёшларни қизиқтирган саволларга мутахассислар атрофлича жавоб қайтарди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзA