ЎзА Ўзбек

14.09.2015 17:35 Ёшларга оид давлат сиёсати

Фаолликка ундовчи танлов

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши томонидан “Парламентаризм билимдони” онлайн танловига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, “Камолот” фаоллари, талабалар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ф.Муҳаммаджонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни Ватанимиз равнақи йўлида бирлаштириш, уларни маънан етук, мустақил фикрлайдиган, аниқ ҳаётий позицияга эга авлод этиб тарбиялаш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Давлатимиз рахбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бунда муҳим омил бўлмоқда.

«Парламентаризм билимдони» онлайн танловидан кўзланган мақсад ёшларнинг сиёсий, ҳуқуқий маданиятини ошириш, улар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва ушбу ҳужжат асосида қабул қилинган қонунлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга кўмаклашиш, шу орқали ёш авлоднинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини ривожлантиришга ҳисса қўшишдан иборат.

Танлов жорий йилнинг 8 декабрига қадар www.pb2015.uz сайти орқали 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилади. Унга кўра иштирокчилар ҳар ҳафтада Бош қомусимиз ва қонунлар, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг фаолияти юзасидан бериб бориладиган 5 саволга жавоб ёзиб бориши керак. Ҳар бир тўғри жавобга 20 баллдан баҳо қўйилиб, тўпланган баллар сайт орқали доимий равишда эълон қилиб борилади.

Матбуот анжуманида журналистларга танловни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

Даврон Суннатов, ЎзА