ЎзА Ўзбек

27.11.2017 15:26 Ёшларга оид давлат сиёсати

Фан ва таълим ривожида ёшларнинг ўрни

Тошкентдаги Турин политехника университетида «Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни» мавзуида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги ҳамкорлигида ёшларни илмий янгиликлар, ихтиролар қилиш ва инновацион технологиялар яратиш жараёнларига кенг жалб қилиш мақсадида ташкил этилди. Унда ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, олий таълим муассасалари талабалари, изланувчи-тадқиқотчилар, ёш олимлар ва профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Б.Йўлдошев, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси ўринбосари Д.Каттахонова ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар манфаатини ҳимоя қилиш, орзу-истакларини рўёбга чиқариш, уларнинг ҳар томонлама баркамол авлод бўлиб вояга етишини таъминлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Беш юздан ортиқ мақола ва тезислар орасидан экспертлар гуруҳи саралаб олган уч юзга яқин материал муаллифлари анжуманда илмий ишлари билан қатнашди.

Илмий-амалий анжуман юртимиз ёшларининг илмий ахборотлари, физика-математика ва техника, ижтимоий-гуманитар ҳамда табиий фанларининг долзарб муаммолари, интернет орқали радикаллашувни бартараф этиш йўллари каби йўналишларда олиб борилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА