ЎзА Ўзбек

30.11.2017 15:27 Ёшларга оид давлат сиёсати

Етакчилар учун ўқув семинари ўтказилди

Етакчилар учун ўқув семинари ўтказилди Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Ёшлар” оромгоҳида умумтаълим мактабларининг ёшлар етакчилари учун ўқув семинари ўтказилди.

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган семинарда барча вилоятлардан 219 нафар ёшлар иштирок этди.

Етакчилар гуруҳларга бўлиниб, ўқувчилар билан ишлаш, уларнинг қизиқиши, муаммоларини ўрганиш ва ўз вақтида ҳал этиш бўйича машғулотлар ўтказди. Малакали мутахассисларнинг вояга етмаган ва уюшмаган ёшлар билан ишлаш хусусиятлари, болалар тарбиясида ота-она ва жамоатчиликнинг аҳамиятига бағишланган маърузалари тингланди. Жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари, имконияти чекланган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим олиши ва касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашиш юзасидан фикр алмашилди.

21.JPG

– Ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтини мазмунли ўтказиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш муҳим аҳамиятга эга, – дейди Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 26-умумтаълим мактаби ёшлар етакчиси Рустам Мухторов. – Бу борада мактабимизда “Инглиз тилини ўрганамиз”, “Ёш математик”, “Ёш кимёгар”, “Моҳир қўллар” каби 20 дан ортиқ тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. Унда малакали ўқитувчилар машғулотларни мунтазам ўтказиб, ўқувчиларнинг дарсдан ташқари билим ўзлаштиришини назорат қилиб боради.

Семинар доирасида ёшлар етакчиларининг бутун ўқув йили давомида бажариши лозим бўлган вазифалари юзасидан соҳа ходимлари билан очиқ мулоқоти ўтказилди. Ўқувчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга оид зарур тавсиялар берилди.

Тадбирда фаол иштирок этган ёшлар етакчиларига ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.

Абдулазиз Мусаев, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА