ЎзА Ўзбек

26.09.2017 10:54 Ёшларга оид давлат сиёсати

Етакчи бўлиш масъулияти

Етакчи бўлиш масъулияти Термиз давлат университетида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши аъзолари сайлови бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ёш авлоднинг интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун зарур шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 18 июлдаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

– Таълим муассасамизда ушбу тадбирга алоҳида тайёргарлик кўрилди, – дейди Термиз давлат университетининг маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори О.Рўзиев. – Махсус бюллетень ва сайлов қутиси тайёрланди. Тадбирни талабаларнинг ўқув машғулотларига таъсир этмайдиган ҳолда ошкора ташкил этиш учун махсус жадвал ишлаб чиқилди. Бошланғич ташкилот етакчилигига ташаббускор, тенгқурларининг орзу-истакларини яхши биладиган, муаммоларини бартараф этиш салоҳиятига эга уч нафар номзод тавсия этилди. Очиқ ўтказилган сайловда ёшлар ўзлари танлаган номзодга овоз берди.

Университетда ёш авлоднинг пухта билим олиши, малакали мутахассислар бўлиб етишиши учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ ўқув бинолари, уч қаватли замонавий ахборот-ресурс маркази, талабалар турар жойлари, ўқув-лабораториялар ва спорт мажмуалари ёшлар ихтиёрида. Хорижникидан қолишмайдиган қулайликларга эга муҳташам ўқув даргоҳида 7 минг 900 дан ортиқ ўғил-қиз ўзлари қизиққан касб сирларини чуқур ўрганмоқда. Талабалардан 2 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, 7 нафари Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбек номидаги давлат стипендиатларидир. Ўтган йилларда кўплаб ёшлар спортнинг каратэ, енгил атлетика, камондан ўқ отиш, бокс, шашка, таэквондо турлари бўйича Ўзбекистон ва Осиё чемпиони, деган юксак шарафга сазовор бўлди.

– Жорий йил 30 июнда ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ана шундай интилувчан, юртим деб ёниб яшайдиган фидойи ёшларга амалий ёрдам кўрсатадиган, ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган ташкилотдир, – дейди ТерДУ чет тиллар факультети талабаси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори Лутфия Баротова. – Тенгдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугун сайланган етакчи зиммасига катта масъулият юклайди. Очиқ ўтказилган сайловда юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнига фаол муносабат билдиришга қодир, мустаҳкам фуқаролик позицияси ҳамда ёшларни ўз ортидан эргаштира олиш салоҳиятига эга номзодни ёқлаб овоз бердик.

Университетнинг ижтимоий-иқтисодиёт факультети ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Музаффар Норқобилов ёшлар етакчиси этиб сайланди.

– Тенгдошларим ишончи билан замонавий таълим муассасамизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатига муносиб ҳисса қўшиш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман, – дейди М.Норқобилов. – Бундай шарафли ва масъулиятли вазифани амалга оширишга бор куч, имконият ва салоҳиятимни сарфлайман. Ёшларга энг яқин кўмакчи ва маслакдош бўлишга ваъда бераман.

Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ва Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиалларида ҳам етакчи ва етакчилар кенгаши аъзолари сайлови юқори савияда ўтказилди.

Холмўмин Маматрайимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА