ЎзА Ўзбек

24.06.2014 15:14 Ёшларга оид давлат сиёсати

Ёшларга эътибор – келажакка эътибор

Жисмонан соғлом, маънан етук, мустақил фикрлайдиган ва интеллектуал салоҳиятли авлодни вояга етказиш Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Китоб туманидаги 90 умумий ўрта таълим мактаби, 2 давлат ихтисослашган мактаб-интернати, 10 касб-ҳунар коллежи ва бир академик лицейда ёшлар замонавий шароитларда таълим-тарбия олмоқда.

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш аввало улар таълим-тарбия олаётган даргоҳдан бошланади. Шу маънода, туман ёшларининг катта қисмини қамраб олаётган турли маънавий-маърифий тадбирларнинг мазмуни аввало уларнинг фаоллигини оширишга қаратилмоқда. Таълим муассасаларида ташкил этилган “Ораста қизлар” тўгараклари 2300 га яқин ўқувчи қизларни ўз сафига бирлаштирган. “Тенгдош – тенгдошга” тамойили асосида олиб борилаётган ушбу тадбирлар 9-синфни битираётган ёшларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш, эрта турмуш қуриш, одам савдоси ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олишга кўмаклашмоқда.

“Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида анъанавий ўтказиб келинаётган фестивалда минглаб ёшлар иштирок этмоқда. “Шунқорлар”, “Ёш чегарачилар”, “Сиз қонунни биласизми?”, “Ёш истеъмолчи”, “Ёш қутқарувчи” каби танловлар уларнинг жисмоний ва маънавий камолотида муҳим аҳамият касб этмоқда. “Ҳоким ва ёшлар” лойиҳаси доирасида касб-ҳунар коллежларида бўлиб ўтаётган учрашувлар бугунги кун ёшларининг ақлий ва ижодий салоҳияти ошиб, дунёқараши кенгайиб бораётганини кўрсатмоқда.

Туманимизда яратилаётган янги иш ўринларига ёшлар, асосан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йили туманда яратилган 6156 янги иш ўрнининг 3450 таси, шу йилнинг ўтган даврида яратилган 2452 янги иш ўрнининг 1652 таси ёшларнинг иш билан боғлиқ муаммоларига ечим берди. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, озиқ-овқат, саноат салоҳиятини юксалтириш, инвестиция ва бошқа дастурлар доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда ҳам аввало ёшлар манфаати инобатга олинмоқда.

Ўтган йили тумандаги иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи капитал таъмирланди. Ижтимоий-иқтисодиёт коллежида 100 ўринли турар-жой биноси қурилмоқда. Шу йилнинг ўзида коллежлар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун 80 миллион сўмликдан ортиқ турли мебель жиҳозлари, китоблар харид қилинди.

Тегишли ташкилотлар мутахассислари иштирокида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида мунтазам суҳбатлар ўтказилмоқда. “Менинг бизнес ғоям” лойиҳасида қатнашган ўқувчилардан 2 нафари танловнинг вилоят босқичи ғолиби сифатида имтиёзли кредит олиш бўйича сертификатни қўлга киритди. Жорий йилда 89 битирувчига 498 миллион сўм кредит ажратиш режалаштирилган.

Ўқувчиларимиздан уч нафари химия ва математика фанларида халқаро олимпиадаларда бронза медалларига сазовор бўлган. 1-давлат ихтисослашган мактаб-интернатнинг 8-синф ўқувчиси Юлдуз Неъматова шу йил июль ойида 14 ёшгача бўлганлар ўртасида Жанубий Кореяда ўтказиладиган математика фанидан олимпиадада иштирок этади. 4 нафар 9-синф ўқувчиси фан олимпиадаларида вилоятда биринчи ўринни эгаллаб, ўзлари хоҳлаган академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқиш имкониятига эга бўлди.

Туманимизда 67 замонавий спорт зали, 362 спорт майдончаси фаолият кўрсатмоқда.

Президентимиз томонидан спорт билан шуғулланувчи қизларга ҳар йили бепул спорт формалари берилаётгани ўқувчи қизлар ўртасида спортнинг янада оммавийлашишига хизмат қилмоқда. Бу йил туманимиздаги 2926 нафар қиз ана шундай спорт формаси билан таъминланди.

Бундай юксак ғамхўрликларнинг амалий ифодаси сифатида иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг икки ўқувчиси спортнинг каратэ-до тури бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлиб, Осиё чемпионатида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадли фойдаланишнинг ҳам ёшлар тарбиясидаги аҳамияти катта. Тумандаги барча касб-ҳунар коллежлари, 76 умумтаълим мактаби замонавий компьютер синфлари билан таъминланган, электрон дарсликлар яратилган. ZiyoNET тармоғи орқали таълим соҳасидаги барча керакли маълумотлар олиниб, дарс жараёнида тўлиқ фойдаланилмоқда.

Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёш авлоднинг манфаатларини ҳар томонлама муҳофазалаш, соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказиш борасида амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самарасидир.

Узоқ Худойқулов,
Китоб тумани ҳокими.


ЎзА