ЎзА Ўзбек

11.07.2014 15:01 Ёшларга оид давлат сиёсати

Эртанги кунимиз эгаларига эътибор

Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши ва жамиятда ўз ўрнини топиши учун зарур шарт-шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим дастуруламал бўлаётир.

Мазкур қарор ижроси доирасида ишлаб чиқилган туман дастурига кўра, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ёшларга жаҳон андозалари талаблари асосида билим бериш, истеъдодли йигит-қизларнинг қобилиятини юзага чиқариш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Жорий йилда тумандаги умумтаълим мактабларини 1 минг 968 нафар, касб-ҳунар коллежларини 2 минг 82 нафар йигит-қиз тамомлади. Уларни таълимнинг кейинги босқичига тўлиқ қамраб олиш ва бандлигини таъминлаш айни пайтдаги устувор вазифадир. Бу борада таълим муассасалари, жамоат ташкилотлари ва корхоналар ҳамкорлигида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қалби ва онгида юртга муҳаббат ва садоқат туйғусини кучайтиришда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўрни беқиёс. Туманда мазкур ташкилотнинг 16 минг 200 дан ортиқ аъзоси бор. Жорий йилнинг ўтган даврида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун тўрт маротаба бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилди. Тузилган уч томонлама шартнома асосида битирувчилар иш ўринларига эга бўлмоқда.

Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган 23 нафар йигит-қизга ўз бизнесини бошлаши учун тижорат банклари томонидан 219 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.

Яратилаётган имконият ва имтиёзлардан оқилона фойдаланаётган ёшларимиз барча соҳаларда салмоқли натижаларга эришмоқда. Жумладан, “Ташаббус – 2014” кўрик-танловининг вилоят босқичида Шавкат Юсупов энг фаол ёш тадбиркор сифатида эътироф этилди. 

Оилалар мустаҳкамлиги, қизларни оила қуришга тайёрлашда туман ФҲДЁ бўлими қошида ташкил этилган “Оила дорилфунуни” фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир. Бу ерда никоҳдан ўтаётган ёшлар билан оиланинг муқаддаслиги, эрта ва қариндошлар ўртасидаги турмуш қуришнинг салбий оқибатлари, оиладаги муносабатлар, оилавий ҳаёт тўғрисида суҳбатлар олиб борилмоқда. Ажримлар, ноқонуний никоҳ ҳолларининг олдини олишда давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Туман ҳудудида “Камолот” шаҳарчаси барпо этиш учун 2 гектар ер ажратилиб, қурилиш ишлари бошлаб юборилди. 

Ёшларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда тумандаги умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларидаги замонавий спорт иншоотлари катта роль ўйнамоқда. Учта болалар ва ўсмирлар спорт мактабида ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Тумандаги “Ҳумо” спорт мажмуасида ёшлар бокс, футбол, кураш, таэквандо, дзюдо каби спорт турлари билан шуғулланиб, вилоят, мамлакат терма жамоалари таркибида нуфузли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда.

Қибрай, Салар шаҳарчалари ва Байтқўрғон қишлоғида намунавий лойиҳа асосида замонавий спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. 7-, 16-, 21-умумтаълим мактаблари капитал реконструкция қилинди, иккита мусиқа ва санъат мактаби қад кўтарди. Ушбу санъат мактабларида беш юзга яқин ёш истеъдод соҳиби тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик, миллий ва жаҳон классик мусиқаси ҳамда эстрада йўналишларида таҳсил олаётир. 2014 йилда фойдаланишга топширилган 60 ўринли “Зукко болажонлар” мактабгача таълим муассасасида кичкинтойларнинг таълим-тарбия олишлари учун барча қулайлик яратилган.

Мустақиллигимизнинг ҳар бир йили Ватанимиз солномасида том маънода ёрқин саҳифа бўлиб, халқимизнинг фидокорона меҳнати, улкан бунёдкорлик салоҳиятининг амалий намоёни, эркин ва фаровон ҳаётимиз, ғурур-ифтихоримиз тимсоли сифатида катта тантана билан байрам қилиб келинмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг шу йил 1 июлдаги Ватанимиз ва халқимиз ҳаётидаги ушбу буюк сана – истиқлол байрамининг 23 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қарорига асосан туманимизда “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним” деган эзгу ғояни ифода этадиган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури ишлаб чиқилди. Унга асосан шу кунларда давра суҳбатлари, учрашувлар ва бошқа тадбирлар ташкил этилмоқда. 

Бир сўз билан айтганда, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларда Ватан тақдири, бугуни ва келажагига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш, мустақил, янгича фикрлайдиган авлодни вояга етказиш доимий эътиборимизда бўлиб қолаверади. Зеро, ёшлар эртанги кунимизнинг эгалари, келажагимизнинг яратувчиларидир.

Ниғмат Муҳамедов, Қибрай тумани ҳокими.