ЎзА Ўзбек

30.06.2017 14:52 Ёшларга оид давлат сиёсати

Энг сара ижодий ишлар тақдирланди

“Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида «Талаба-ёшлар ижодиёти» кўрик-фестивали ҳамда “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.

Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов, институт проректори Д.Муллажонов ва бошқалар ёшларни қизиқиши ва салоҳияти бўйича касбга йўналтириш, қўллаб-қувватлаш, айниқса, санъат ва маданият соҳаларида иқтидорли ёшларни кашф этиш, ижодкор йигит-қизларни ҳар томонлама рағбатлантириш давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрдаги «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлаётир.

Кўрик-фестивалга юртимиздаги кўплаб санъат ва маданият ихлосмандлари таклиф этилди. Тадбир давомида абитуриентлар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи битирувчилари, уларнинг ота-оналари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти фаолияти ва ундаги ижодий жараёнлар билан яқиндан танишди. Институтнинг ҳар бир кафедраси ўз фаолиятига доир кўргазмалар ташкил этди.

– Бу йилги фестивалда институт битирувчиларидан ташқари учинчи курс талабаларининг ҳам энг сара асарлари намойиш этилди, – дейди институтнинг Маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи З.Норқўзиева. – Мазкур ижодий жараён орқали нафақат талабаларнинг олган билим ва кўникмаси синовдан ўтказилди, балки мамлакатимиздаги профессионал театр раҳбарлари ҳамда тегишли санъат ва маданият муассасаларидан вакиллар иштирок этиб, ўз жамоалари учун ёш, иқтидорли кадрлар танлаб олиш имкониятига эга бўлди.

Фестивалда бадиий ва ғоявий жиҳатдан ранг-баранг саҳна асарлари, кино, телевидение, санъатшунослик, драматургия, мусиқа ва бошқа йўналишлардаги ижод намуналари намойиш этилди. Кўрик-фестивалга тақдим этилган ишларни таниқли олим ва санъаткорлардан иборат нуфузли ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.

Кўрик-фестивалда ўндан зиёд номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Уларга совғалар топширилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА