ЎзА Ўзбек

14.09.2015 10:56 Ёшларга оид давлат сиёсати

Буюк аждодларимизнинг муносиб ворислари

Жамиятни ўзгартирувчи куч

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, мустақиллик йилларида ёшларнинг 94,3 фоизида ватанпарварлик туйғуси мустаҳкамланган. Бу уларнинг билим олиши, ўз танлаган касби, бажараётган вазифаси доирасида Ватанимизга ҳалол хизмат қилиши, мамлакатимиз шаъни, обрўси, келажаги учун курашиб яшаши, халқимиз тарихи, маданияти, миллий урф-одатларини билиши ва ҳурмат қилишида намоён бўлмоқда.

Бу, шубҳасиз, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида таълим тизимини такомиллаштириш, уни жаҳон андозалари даражасига чиқариш, буюк маънавиятимизни тиклаш ва янада юксалтириш борасида олиб борилаётган эзгу ишлар мевасидир.

Давлатимиз раҳбарининг “Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб биз кўзлаган олий мақсад – озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди” деган фикри ва ғояси асосида ватанига, халқига садоқатли, мустақил фикрлайдиган, ҳар бир масалани онгли равишда, масъулият билан ҳал қиладиган, изланувчан, янгиликка интилувчан ёшларни камолга етказишга қаратилган давлат сиёсати амалга оширилмоқда.

Таълим-тарбия тизими изчил такомиллаштирилди. Дарсларда янгича тафаккурни шакллантирадиган, кишини фикрлашга ундайдиган замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш йўлга қўйилди. Эски қолипдаги дарсликлардан воз кечилиб, янги андозадаги ўқув адабиётлари жорий этилди. Улар ёшларда миллий онг, менталитет, мамлакатимиз тақдирига дахлдорлик туйғусини қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

– Бир вақтлар бировлар томонидан яратилган тарих дарсликлари ўқитилар эди, – дейди пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 256-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Хонзода Давронова. – Уларда буюк ўтмишга эга Ўзбекистондай мамлакат тарихи учун бор-йўғи 3-4 саҳифа ажратилиб, тарихий воқеалар ва шахслар ҳақида нохолис фикрлар айтилар ёки умуман лом-мим дейилмасди. Шукрки, бугун тарихимизга “олиб кирилган” ўша сохтакорликларни оддий ўқувчи ҳам яхши билади. Ёшларимизнинг бугун турли халқаро кўрик-танловлар, нуфузли мусобақалар, фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритаётгани уларнинг тарихий ҳақиқатни, ўзлигини теран англагани, буюк аждодларимизга муносиб ворислар бўлишга интилаётгани нишонасидир.

Ҳа, таълимнинг янги модели жамиятимизда мустақил фикрловчи шахс шаклланишига олиб келди. Онгли турмуш кечириш ҳаётимизнинг бош мезонига айланди. Ўз қадр-қимматини англаган, иродаси бақувват, иймони бутун, мақсади аниқ ёшлар ҳаётга ҳал қилувчи куч бўлиб кириб келмоқда. Ўз ақли, тафаккури, меҳнати билан, онгли тарзда, ҳур фикрли инсон бўлиб яшамоқда.

Тошга ўйилган нақш

Донолар ёшликни баҳорга қиёслайди. Зеро, бу фаслда ерга тушган ҳар қандай уруғ гуркирайди. Кузда йиғилиб, қиш учун захира қилинадиган ҳосил салмоғи ҳам кўкламдаги меҳнатга боғлиқ. Ана шу ҳикматдан келиб чиққан ҳолда, эртамиз эгалари мактаб остонасига қадам қўйган дастлабки даврданоқ замон талабларига мос таълим-тарбия олишига, уларнинг онгу қалбини эзгу фазилатлар, Ватанга муҳаббат, аждодлар меросига садоқат каби инсоний туйғулар билан бойитишга эътибор қаратилмоқда.

Бир вақтлар бошланғич таълимга иккинчи даражали иш деб қараларди. Билими саёз муаллимлар ҳам дарс бераверарди. Ўша даврда педагогика техникумлари ва билим юртларини битирганлар асосан 1-4-синф ўқувчиларини ўқитишга жалб этилгани бошланғич таълимга паст назар билан қаралганидан далолатдир.

– Ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақш деб бежиз айтилмаган. Шу боис мустақиллик йилларида бошланғич таълимга юксак билим, етук тажрибага эга ўқитувчилар жалб этилди, – дейди Халқ таълими вазирлигининг Таълим стандартларини такомиллаштириш ва илғор педагогика технологияларини жорий этиш бўлими бошлиғи Маъруфжон Ваҳобов. – Уларнинг билим ва малакасини ошириб бориш йўлга қўйилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети олимлари, амалиётчи ўқитувчилардан иборат ижодий гуруҳ томонидан махсус режа асосида яратилган 1-синфлар учун “Саводга ўргатиш дарслари”, “Она тили”, “Ўқиш”, “Математика”, “Атрофимиздаги олам” методик қўлланма ва дарсликларининг мультимедиали иловалари ўқитувчиларнинг дарсга ижодкорлик билан ёндашишига, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга кўмаклашмоқда.

Жаҳонда интеграция жараёнлари кучайиб, компьютер ва интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб келаётган бугунги кунда хорижий тилларни пухта эгалламасдан туриб юксак натижаларга эришиб бўлмайди. Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда чет тилларни биринчи синфдан ўқитиш йўлга қўйилди.

Жорий ўқув йилида биринчи синф ўқувчилари учун жами 641,3 минг нусха чет тили дарслиги, иккинчи синфларга 591,9 минг дарслик ва машқ дафтарлари, учинчи синфлар учун 593 минг дарслик ва машқ дафтарлари, ўқитувчилар учун 62,6 минг нусха методик қўлланма ва мультимедиа иловалари чоп этилиб, мактабларга етказилди. Бу эртамиз эгаларининг хорижий тилларни ўрганишга бўлган қизиқишини янада кучайтириб, пухта билим олишига замин яратади.

Юксак самара бераётган сармоя

Президентимиз раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ таълим-тарбия тизимини бутунлай ислоҳ этишга киришилди. Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий давлат дастурига мувофиқ мавжуд ўн мингга яқин умумтаълим мактабининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим жараёнининг мазмунини тубдан такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар қилинди.

Кўплаб касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар қурилиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Ўрта махсус таълим тизими узлуксиз таълимнинг муҳим бўғинига айланди. Тўққиз йиллик мактаб таълимининг узвий давоми бўлган ушбу босқичда ўқувчилар уч йил давомида умумтаълим фанлари ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганмоқда. Сифатли таълим олиб, билимини амалиётда мустаҳкамламоқда, ўзи қизиққан соҳа билан шуғулланиб, оиласига даромад, жамиятимизга наф келтирмоқда.

Илгари мактабни битирган синфдош болалардан нари борса икки-учтаси олий ўқув юртига ўқишга кириб, қолганлари маълумотсиз, касб-ҳунарсиз қолиб кетган бўлса, бугун коллежни битирган ёшлар хоҳласа ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашмоқда, хоҳласа ўқишни давом эттирмоқда.

Коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳам доимий эътиборда. Жорий йилда касб-ҳунар коллежларининг 480 мингга яқин битирувчиси иш билан таъминланди. Ўз хусусий бизнесини очиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга қарор қилган коллеж битирувчиларига банклар томонидан имтиёзли микрокредитлар ажратилди.

Айрим давлатларда таълим тизими пуллик бўлгани боис кўплаб болалар ҳатто савод чиқаришга имкон тополмаётган бугунги кунда мамлакатимизда 12 йиллик бепул умумий мажбурий таълим тизими жорий этилган.

Соҳада халқаро ҳамкорлик алоқаларининг самарали йўлга қўйилгани, таълим мазмуни ва сифати изчил бойиб бораётгани ўғил-қизларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириб, мамлакатимиз ҳаёти ва тараққиётида фаоллигини кучайтирмоқда. Энг муҳими, улар Ватанимизнинг дунёда ривожланган давлатлар қаторидан мустаҳкам жой эгаллашига, халқимиз учун муносиб ҳаёт даражасини таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.

Маррани баланд олаётган ёшлар

Бугун замонавий масканларда жаҳон стандартлари асосида таълим-тарбия олаётган ўғил-қизларимиз халқаро миқёсда ташкил этилаётган турли фан олимпиадалари, кўрик-танловлар, мусобақа ва фестивалларда ўзларининг истеъдод ва улкан салоҳиятларини намоён этиб, юксак марраларга эришмоқда. Ўз ақл-заковати, билим-тафаккури, ғайрат-шижоатига, энг муҳими, тоғдек таянчи – Ватанига суяниб, маррани баланд олиб яшамоқда.

Ўзбек тилида сўзлаша оладиган робот яратган Олимжон Тўйчиев, Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) томонидан халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлган биринчи ўзбек қизи Нафиса Мўминова, бир мусобақада бир йўла учта олтин медални қўлга киритиб, ўзининг ноёб истеъдоди билан мухлису мутахассисларни ҳайратга солган шахмат бўйича жаҳон чемпиони Исломбек Синдоров, “ақл гимнастикаси” ихлосмандлари томонидан “Донолар ўйини пешқадами” сифатида эътироф этилаётган Нодирбек Абдусатторов, масала ечишда ўзи яратган усул билан дунё олимларини лол қилган, математика фани бўйича 22-халқаро олимпиада ғолиби Ҳакимбой Эгамбердиев...

– Мустақиллик туфайли бугунги тараққиётга пойдевор бўлаётган математика, информатика, астрономия каби соҳалар бешигини тебратган Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек сингари улуғ аждодларимизнинг эзгу интилишларини давом эттиришдек бахтга эришдик, – дейди Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси Ҳакимбой Эгамбердиев. – Тарихи буюк мамлакатнинг келажаги ҳам буюкдир, деган фикр қалбимизда акс садо бермоқда. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлод камолотига қаратаётган юксак эътибори, таълим олишимиз учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар илм-фанга меҳримизни тобламоқда, жаҳонда мамлакатимизнинг шон-шарафини мустаҳкам ҳимоя қилишимизга асос бўлмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда барпо этилаётган ҳеч кимдан кам бўлмаган фаровон ҳаёт, ёшларимиз, бутун халқимизнинг оламшумул ютуқлари Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг муваффақиятли амалга оширилгани самараларидир.

Дилшод Каримов, ЎзА