ЎзА Ўзбек

18.07.2014 16:03 Ёшларга оид давлат сиёсати

Бунёдкор талабалар

Бунёдкор талабалар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган “Бунёдкор” меҳнат гуруҳлари жойларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларида фаол иштирок этмоқда.

Президентимизнинг жорий йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар кўламини кенгайтиришда муҳим омил бўлаётир.

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг 57 нафар талабасидан иборат ана шундай меҳнат гуруҳи Нукус шаҳридаги ихтисослашган санъат мактабининг янги биноси қурилишида шартнома асосида меҳнат қилмоқда.

Қурилиш ишлари “Тахиатош қурилиш бошқармаси” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилаётир. 330 ўринга мўлжалланган ўқув биноси, 100 ўринли талабалар турар-жойи, спорт зали, устахона ва ошхона қурилишида пардозлаш ишлари якунига етмоқда. Санъат мактабининг янги биноси Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилади.

– Бунёдкор ёшларимизнинг меҳнатдан бўш вақтларини мароқли ўтказишини ташкил этиш мақсадида турли учрашув ва кечалар, дам олиш кунларида қадимий қадамжо ва зиёратгоҳларга, маданий-маърифий масканларга саёҳатлар уюштирилмоқда, – дейди институтнинг “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати бошланғич ташкилоти раҳбари Байрам Гулимбетов.

ЎзА, А.Ортиқбоев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат)