Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.12.2017 17:34 Ёшларга оид давлат сиёсати

Бухорода собиқ Маданият саройи ўрнида “Ёшлар маркази” қад ростлади

Бухорода собиқ Маданият саройи ўрнида “Ёшлар маркази” қад ростлади

Бухоро вилояти аҳолисининг 48 фоизи ёки салкам 900 минг нафари 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳаётда ўз ўринни топиши, муносиб турмуш кечириши учун шароит яратиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Бухоро вилояти “Ёшлар маркази” очилишига бағишланган тадбирда бу алоҳида таъкидланди.

2017 йилда турли соҳаларда ташаббускорлиги билан ўрнак бўлаётган ёш оилаларнинг 94 тасига Бухоро ва Когон шаҳарларида қурилган “Ёшлар уйи” калити топширилди.

Кейинги йилларда фойдаланиш талабларига жавоб бермай қолган илгариги Маданият саройининг катта маблағ эвазига мукаммал таъмирланиб, “Ёшлар маркази”га айлантирилган уч қаватли биноси мутлақо замонавий қиёфа касб этди.

5 (1).jpg

Марказда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро вилояти кенгаши ҳам фаолият кўрсатади, – дейди кенгаш раиси З.Комилов. – Бинода замонавий жиҳозланган 808 ўринли томоша зали ва 280 ўринли кинозал ёшларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, оммавий-маданий тадбирларни ўтказиш учун жуда қулай.

Масканда инглиз ва рус тиллари, шахмат-шашка, стол тенниси, ёш актёрлар, қизларни оилага тайёрлаш, ёшлар туризми, мактабгача таълим, инклюзив таълим, тасвирий санъат, тикувчилик каби 20 дан зиёд тўгарак, руҳшунос-маслаҳат маркази фаолият кўрсатади.

Тадбирда Президент совғаси сифатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Бухоро  вилояти кенгашига “Gentra” русумли замонавий енгил автомашина топширилди.


Эркин Ёдгоров, ЎзА