ЎзА Ўзбек

06.06.2017 15:31 Ёшларга оид давлат сиёсати

Бухорода “Сиз қонунни биласизми?" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Бухорода “Сиз қонунни биласизми?" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди Бухорода вилоят адлия, ички ишлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Сиз қонунни биласизми?" кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ҳуқуқий билими ва маданиятини юксалтириш, эркин фикрлаш қобилияти ва нутқ маданиятини ўстириш, уларда фаол фуқаролик позициясини янада мустаҳкамлаш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган мазкур танловда 10 жамоа ўзаро баҳслашди.

Танлов шартларига кўра, жамоалар ўзлари таълим олаётган муассасада ёшларнинг билим олиши учун яратилган шароит, мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берди. Савол-жавоблар асносида уларнинг ҳуқуқий билими синовдан ўтказилди.

Қоракўл тумани саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежининг “Либерал” жамоаси ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этилишида ёш авлоднинг ҳуқуқий билими ва маданияти муҳим аҳамият касб этади, – дейди “Либерал” жамоаси сардори Б.Эргашев. – Коллежимизда ҳуқуқшунослик фани интерфаол усуллар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилган ҳолда олиб борилади. Ҳуқуқий мавзуга оид давра суҳбатлари, танловлар, ички ишлар, прокуратура органлари ходимлари билан учрашувлар ўтказилади. Ўтган йили жамоамиз вилоятда учинчи ўринни олган эди, бу йил ғолиб бўлдик. Энди танловнинг мамлакат босқичида ҳам муносиб қатнашишга ҳаракат қиламиз.

Бухоро давлат тиббиёт институти қошидаги Ғиждувон академик лицейининг “Фемида”, Бухоро нефть ва газ саноати коллежининг “Фидойилар” жамоаси иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА