Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

31.12.2017 17:46 Ёшларга оид давлат сиёсати

Бу йилги арчанг ҳам ўзгача чиройли, болажон!

Бу  йилги  арчанг  ҳам   ўзгача  чиройли,  болажон!

Жиззах вилояти шаҳару қишлоқларида ҳам Янги йил байрами ўзгача кўтаринкилик билан қарши олинаётир. Байрамнинг ўтган йиллардагидан фарқи “Висол” тантаналар мажмуасида ўтказилган “Президент арчаси” тантаналарида яққол кўзга ташланди.

Мажмуада 29-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ота-онасиз, боқувчисини йўқотган, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган ички ишлар ва ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари бўлган 330 нафарга яқин болалар учун байрам дастурхони ёзилди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эргаш Солиев болаларни Янги йил байрами билан табриклаб, уларга Президент совғаларини топширди. Ҳокимнинг бу йил юртимизда унутилмас воқеалар, катта ишлар амалга оширилгани, келаётган йил янада яхши, айниқса, болалар учун қувончли бўлиши ҳақидаги сўзларини кичкинтойлар шодон олқишлади.

Янги йил байрамини Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам орзиқиб кутади. Тарбияланувчилар кўнглидаги “Бу йил байрам қандай бўларкан, совғада нималар бор экан”, деган саволларига бугунги тантанада биринчи жавоб – Президент совғаси бўлди. Совға эса ҳар йилгидан ўзгача, айнан қувонтирадиган экан. Ҳар бир совғада 12 номдаги ўқув қуроллари, 15 хил ширинликлар бор эди.

– Янги йил мен учун энг яхши байрам, – дейди Жиззах шаҳридаги 29-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Дмитрий Клачков. – Байрам томошалари, Янги йил арчаси атрофидаги  ўйинлар, бунинг устига қишки таътилимиз ҳам бу йил олдингилардан кўпроқ давом этади. Бугунги байрам менга жуда ёқди. Айниқса, Президентимиз совғасини оларканман худди отамдан олгандек ҳис қилдим ўзимни. Ҳамма дўстларим номидан у кишига раҳмат дейман.

Байрамда вилоят бадиий жамоалари, қўғирчоқ театри актёрлари, “Наргиз” болалар ансамбли махсус тайёрланган концерт дастурини намойиш этиб, томошалар кўрсатди. Болалар арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, эртак қаҳрамонлари билан бирга рақс тушди.

Вилоятда «Президент арчаси» тантаналарини ўтказиш бўйича мутасадди идоралар ва ҳомий ташкилотлар масъуллари, бадиий жамоалардан тузилган махсус гуруҳ Қорбобо ва Қорқиз ҳамроҳлигида совғалар билан мактаб-интернатлар, болалар шифохоналаридаги Янги йил байрамларида иштирок этиб, Президент номидан совғалар бермоқда.

Барча туман ва шаҳарлар ҳокимликлари ҳомий ташкилотлар, маҳалла, хотин-қизлар ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўзгалар қарамоғида бўлган, кам таъминланган оилалар болаларига совғалар топширмоқда.


Тошқул Бекназаров, ЎзА