ЎзА Ўзбек

10.11.2017 15:54 Ёшларга оид давлат сиёсати

Бизнес-лойиҳаси энг яхши деб топилган 82 тадбиркор қиз тижорат банкларининг сертификатлари билан тақдирланди

Бизнес-лойиҳаси энг яхши деб топилган 82 тадбиркор қиз тижорат банкларининг сертификатлари билан тақдирланди Бувайда тумани қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битирган Дилфуза Асророванинг асаларичилик ишини бошлашга оид ғояси Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган "Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси – 2017" кўрик-танловида ғолиб, деб топилди.

Ўзбек Миллий академик драма театрида мазкур кўрик-танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари Г.Маъруфова, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси раиси Г.Маҳмудова ва бошқалар мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан оилалар, аёллар, ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш, айниқса, олис ҳудудларда тадбиркор аёлларни молиявий қўллаб-қувватлаш орқали оилалар фаровонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Хотин-қизлар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар уюшмаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов касб-ҳунар коллежини битираётган ҳамда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳаларини ҳаётга жорий этиш имконини бермоқда.

Жорий йилги танловда минглаб қизлар имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик ишини бошлаш истагини билдирган. Уларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билим ва кўникмаларини оширишда турли семинарлар, ўқув машғулотларининг аҳамияти ғоят катта бўлди. Банк тузилмалари томонидан коллеж битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, уларни ўз бизнесини йўлга қўйишга кўмаклашиш учун имтиёзли кредитлар ажратишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

"Тадбиркор қизнинг энг яхши лойиҳаси" кўрик-танловининг финал босқичида лойиҳалар қишлоқ хўжалиги, сервис, ишлаб чиқариш йўналишларида сараланди.

Бизнес-лойиҳаси энг яхши деб топилган 82 тадбиркор қиз махсус диплом, тижорат банкларининг сертификатлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов (сурат), ЎзА