ЎзА Ўзбек

28.04.2017 11:57 Ёшларга оид давлат сиёсати

Биз бирлашиб, катта кучмиз

Биз бирлашиб, катта кучмиз 7 ёшидан спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиб келаётган Жасурбек Жайсунов пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 209-умумтаълим мактабида таҳсил олади. 15 ёшли бу йигит беш карра Ўзбекистон чемпиони, ўтган йили Жанубий Кореяда ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги очиқ чемпионатда ғолибликни қўлга киритган. Яқинда Таиланднинг Бангкок шаҳрида 15-17 ёшли ўсмирлар ўртасидаги халқаро мусобақада олтин медалга сазовор бўлди.

“Туркистон” саройида “Бирлашиб, биз катта кучмиз!” шиори остида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда Жасурбек сингари таълим, маданият, санъат ва спорт соҳаларида юксак марраларга эришиб, мамлакатимиз шуҳратини ёйишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган ёшлар фаолияти тенгдошларига ўрнак қилиб кўрсатилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши, шаҳар халқ таълими ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда педагоглар, психологлар, ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турувчи вояга етмаганлар, ёшлар иштирок этди.

Ўзбек Миллий академик драма театри директори Ф.Маъсудов, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Тошкент шаҳар кенгаши раиси А.Жумабоев ва бошқалар мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, йигит-қизларнинг интеллектуал савиясини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Биринчи Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтарди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ташаббуси билан ўқувчи-ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Қадрият, урф-одат, анъана ва ёшлар” фестивали, “Сиз қонунни биласизми?”, “Аждодлар мероси – келажак пойдевори”, “Ҳуқуқ билимдонлари”, “Менинг бизнес ғоям” ва “Ёш тадбиркор – юртга мададкор” танловлари, “Камолот” шахмат тахтаси», футбол бўйича “Камолот кубоги» мусобақалари, “Юрт келажаги”, “Ҳар бир ёшга бир ниҳол” акциялари каби қатор лойиҳалар ўғил-қизларни бир мақсад йўлида бирлаштириб, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Тадбирда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, диний экстремизм ва ақидапарастликнинг олдини олиш, улар билан яқиндан мулоқот қилиш, ўқувчилар интизомини, давоматини қатъий тартибга келтириш, ёшларни турли ахборот хуружларидан асраш борасидаги ишлар таҳлил этилди.

– Умумтаълим мактаблари ва касб­-ҳунар коллежларида ўтказилган “Давомат” тадбирларида дарсга келмайдиган, хулқи, юриш-туриши талабга жавоб бермайдиган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан алоҳида шуғулланамиз, – дейди Яшнобод тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими профилактика инспектори Севара Саъдуллаева. – Бунда бизга маҳалла ва таълим муассасаси ҳамкорлиги қўл келади. Энг аввало, вояга етмаганлар билан ишлаш комиссияси, маҳалла фуқаролар йиғини, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ҳуқуқбузарлик содир этган ҳар бир боланинг яшаш шароити, оилавий муҳити синчиклаб ўрганилмоқда. Ҳар пайшанба кунлари ўтказилаётган профилактика кунида ёшлар таълим-тарбияси билан боғлиқ кўплаб муаммо ва камчиликлар ҳал этилмоқда.

Тадбирда "Тенгдошим ютуқлари" номли кўргазма ташкил этилди. "Баркамол авлод" болалар ижодиёти ўқувчиларининг ижод намуналари намойиш қилинди.

Азима Қиёсова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА